Ўзбекистон | 19:44 / 17.02.2024
11626
2 дақиқада ўқилади

Tashkent Indexʼда 6 та автомобилга шикаст етгани маълум қилинди

Расмий маълумотга кўра, 50 метрлик соябон қулаб тушган ва унинг остида бўлган 35 та машинадан 6 тасининг капот, том ёки бампер қисмига зарар етган.

Фото: Tashkent Index

Бугун, 17 феврал куни эрталаб ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Tashkent Index бозорида автотураргоҳларнинг соябон (том) қисми машиналар устига қулагани тасвирланган видеолар тарқалди.

Видеоларда автотураргоҳнинг енгил конструкцияли устунлари ва том қисми кеча ёғиб ўтган қорнинг оғирлигини кўтара олмай қулаши оқибатида кўплаб автомобилларга шикаст етгани кўринади.

Tashkent Index бозори маъмурияти ҳодиса юзасидан расмий маълумот берди. Унга кўра 2024 йил 16 феврал куни ноқулай об-ҳаво ва кучли қор ёғиши туфайли бозор ҳудудидаги енгил конструкция тарзида қурилган соябонларнинг битта 50 метрлик қатори қорнинг оғирлигидан қулаб тушган.

Ушбу соябон остида 35 автотранспорт воситаси турган бўлиб, улардан 6 тасининг капот, том ёки бампер қисмларига шикаст етган. Айни вақтда автотранспорт воситаларининг эгалари билан келишилган ҳолда, етказилган моддий зарарни қисқа фурсатларда қоплаб бериш чораси кўрилмоқда”, дейилади маълумотда.

Аввалроқ, бир неча марта Сергели туманида жойлашган машина бозори Tashkent Indexʼга кўчирилиши ҳақида гап-сўзлар тарқаган. Бироқ Сергели машина бозори раҳбарияти бундай топшириқ бўлмаганини айтиб чиққанди.

Мавзуга оид