Ўзбекистон | 20:30 / 20.02.2024
40358
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти прокурори ўзгарди

Сўнгги уч йил давомида Бухоро вилояти прокурори бўлган Маҳмуд Истамов ишдан кетган. Бу Когон тумани прокурори катта миқдордаги пора билан қўлга тушиши ортидан бўлмоқда.

Бош прокурорнинг буйруғига асосан адлия маслаҳатчиси Улуғбек Аслонович Ҳамдамов Бухоро вилояти прокурори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар бермоқда.

У.Ҳамдамов тайинловга қадар Фарғона вилояти Қўқон шаҳар прокурори лавозимида ишлаган.

Бу ўзгариш катта эҳтимол билан ўтган ҳафтада вилоятнинг Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов 90 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушгани билан боғлиқ.

16 феврал куни Андижон вилоятида ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев ушбу иш тафсилотларига тўхталиб, у жами 200 минг доллар сўрагани ҳақида айтганди ва бош прокурорга ушбу ҳолат юзасидан топшириқ берганди.

«Бу ўзи курашчи бўлиб, ходими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик?» деганди давлат раҳбари.

Бухоро вилоятига 2021 йил январидан буён Маҳмуд Истамов прокурор эди. У муқаддам Адлия вазирлигида ва Ўзбекистон президенти девонида (ҳозирги президент администрацияси) ишлаган, адлия вазири ўринбосари бўлган, 2019 йил ёзида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари этиб сайланганди.

Мавзуга оид