Жаҳон | 14:01 / 20.02.2024
6402
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги: «ЛХР» раҳбари 2023 йил декабрида заҳарланган

Леонид Пасечник фенол бирикмалари билан заҳарланган деб тахмин қилиняпти. Россия Мудофаа вазирлиги заҳарланиш ортида Украина қуролли кучлари турганига ишоняпти.

Фото: Global Look Press/Kremlin Pool

Ўзини «Луҳанск халқ республикаси» деб эълон қилган ҳудуд «раҳбари» Леонид Пасечник 2023 йил декабрида заҳарлангани айтилмоқда. Бу ҳақда 19 феврал, душанба куни Россия Федерацияси қуролли кучларининг радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари (РКБҲ) бошлиғи Игор Кириллов Россия Мудофаа вазирлигининг брифингида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Пасечник фенол бирикмалари билан оғир заҳарланган. «Юқори мансабдор шахсларнинг заҳарланиши билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳам бор, улар юзасидан тергов давом этмоқда», — деди Кириллов. «Заҳарлашлар»да Украина қуролли кучлари иштирок этгани айтилмоқда.

2022 йилда Владимир Салдонинг «заҳарланиши»

Пасечникдан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Херсон вилояти эгаллаб олинган қисмининг Россия томонидан тайинланган «губернатори» Владимир Салдо ҳам заҳарланган. «Лаборатория текширувлари биотиббиёт намуналарида рицин моддаси борлигини кўрсатди», деди Кириллов.

Игор Кирилловнинг бошқа баёнотлари

Бундан ташқари, РКБҲ қўшинлари раҳбари брифингда Украина армияси «Россия қўшинларининг олдинга силжиши пайтида» синил кислотаси ва аммиак билан контейнерларни портлатмоқчи эканлигини айтди. Бундан олдин у мамлакатда биологик қуроллар яратадиган махфий Америка лабораториялари ишлаётганини, шунингдек, Қўшма Штатлар рус аскарларини чақиши учун безгак билан касалланган чивинларни фронт ҳудудларига етказишда дронлардан фойдаланишни режалаштираётганини даъво қилган.

Мавзуга оид