Уйга қамалаётган болалар – ифлосланган ҳаво бадалини болалар тўлайдими?
Ҳаво ифлосланишидан энг кўп жабр чекувчилар болалар ҳисобланади. Ўзбекистондаги охирги ҳаво ифлосланиши ҳодисалари сабаб болаларнинг аллергик касалликларга чалиниш ҳолатлари кузатиляпти. Ҳавода зарарли моддалар миқдори ошиб кетган кунлари болалар уйда қамалиб ўтиришга мажбур. Боласининг соғлиги сабаб яшаш жойини ўзгартиришни режалаштираётган оилалар ҳам бор.
Сўнгги вақтларда инсонларни ташвишга солаётган ҳолатлар қаторига ҳаво ифлосланиши ҳодисаси ҳам қўшилди. Пойтахт Тошкент ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида тез-тез топ ўринларга чиқяпти. Бошқа ҳудудларда ҳам аҳволни ҳавас қиларли деб бўлмайди.
Афсуски, ҳаво ифлосланишидан катталарга қараганда кўпроқ болалар жабр кўради. Доимий ифлосланган ҳаводан нафас олиш уларнинг соғлигида қисқа ва узоқ муддатда турли хавфларни келтириб чиқариши мумкин.
Нега болалар кўпроқ заҳарланади?
Болалар ўсувчан организм ҳисобланади. Уларнинг ҳали ривожланиш жараёнида бўлган мия ва ўпкалари зарарли ҳавога нисбатан таъсирчан.
Болаларнинг иммун тизими ҳам катталарникига нисбатан кучсизроқ, бу эса турли вирус, бактерия ва микробларга нисбатан болалар таъсирчан бўлишини англатади.
Қолаверса, болалар катталарга қараганда кўпроқ нафас олади (Кўп ҳолларда оғзи билан ҳам). Бу ҳолат уларнинг кўпроқ заҳарли моддаларни ютишларига сабаб бўлади.
Яна бир тарафи болаларнинг бўйлари ҳали узун бўлмаслигида. Улар ерга нисбатан яқинроқ юришади. Ҳаводаги зарарли моддаларнинг концентрацияси ҳам ернинг пастки қисмида юқорироқ даражада бўлади.
ЖССТнинг 2018 йилги маълумотига кўра, дунёдаги 15 ёшгача бўлган болаларнинг 93 фоизи ифлосланган ҳаводан нафас олади. Асосан, паст ва ўрта даромадли давлатларда яшовчи болалар бунга маҳкум.
Доимий ифлосланган ҳавонинг таъсири қандай намоён бўлади?
Қуруқ ва қичишган кўзлар, бош оғриғи, аллергия, чарчоқ, қисқа-қисқа нафас олиш кабилар намоён бўлиши мумкин. Чақалоқларда эса нафас олишда зўриқишлар кузатилиши мумкин.
Астма билан оғриган инсонларда кучлироқ астма хуружлари, йўтал, хириллаш каби ҳолатлар билан намоён бўлади.
Ҳомиладорлик даврида ифлосланган ҳаводан нафас олиш оқибатида эрта туғуруқ, меъёрдан кам вазнли бола туғилиши ҳолатлари кузатилиши мумкин. Ҳаво ифлосланиши нерв тизими ривожланиши ва когнитив қобилият шаклланишига ҳам салбий таъсир қилади, астма, кичик ёшдаги саратон хавфини пайдо қилади. Юқори даражадаги ҳаво ифлосланишини бошдан кечирган болалар юрак-қон томир, нафас йўллари касалликлари каби сурункали дардларга чалиниши эҳтимоли бор.
Ўзбекистонда ҳаво ифлосланиши болаларга қандай таъсир қиляпти?
Сўнгги пайтларда кузатилаётган ҳаво ифлосланиши болаларнинг соғлигида қандай акс этаётгани ҳақида билиш учун оналарнинг фикрлари билан қизиқдик.
- “2021 йил ноябрда Тошкентда кучли чанг бўрони бўлганди. Шу пайтдан бошлаб қизимда аллергия пайдо бўлди. Шамолламаган ҳолатида ҳам бурун қичишиши, битиши ҳолатлари кузатилади. Кузатганман, аллергияси овқат билан эмас, ҳаво билан боғлиқ. Кичик фарзандим эса об-ҳавонинг ифлослик даражаси ошганда ухлаши қийинлашади, уйқусида кўп безовта бўлади”.
- “Пойтахтга келганимизга 2 ой бўлди. Аллергиям қўзғалиб қолди. Ўзим ҳам, 10 ойлик болам ҳам ҳаво сабаб қийналяпмиз. Вилоятга қайтсакми деб турибман”.
- “Ифлос ҳаво ҳаммага бирдай таъсир қиляпти. Респиратор касалликлар ҳам шунинг учун кўпайяпти деб ўйлайман. 2 яшар ўғлимнинг ўпкасигача шамоллаш ўтди. Эмлаш олганимизга қарамай ҳозир кўкйўтал бўлиб қолган”.
- “Қизимда аллергия кузатиляпти, ҳар куни бурни битиб уйғонади. Чарчоқ, уйқуга тўймаслик, аллергик йўтал безовта қиляпти”.
- "3 фарзандим бор, кичиги 1,5 ёш. Уйимизга яқин жойда қурилиш бўляпти. Боламнинг бурни тез-тез оқади ёки битиб қолади".
- "Асли Яккабоғданман. Отамнинг ҳовлисига борсак, боламнинг иштаҳаси, уйқуси яхшиланиб қолади. Тошкентда эса инжиқ бўлиб қолади. Ҳаволардаги фарқни шундан биламан".
- "Қизимда йўтал, бурун оқиши, кўз қизаришлари кетмаяпти. Кўчада айланиб келса яна бу асоратлар зўрайиб қолади".
- 2021 йилнинг охирида кучли чанг бўлган пайти болам қаттиқ касал бўлди. Шундан бери аллергияси бор, йўталиб қолади. Кўчада югурса, кучли йўтал тутади. Боламизнинг ҳолатига қараб марказдан узоқроқдан, тоғга яқинроқ ердан уй-жой қилмоқчимиз".
- "Январнинг бошидан бери иккала ўғлимда ҳам шамоллашга мойиллик ошди”.
Оналарнинг айтишича, улар болаларини машиналар қатнайдиган йўллардан узоқроқда сайр қилдиришга ҳаракат қиляпти. Ҳаво ифлослиги даражаси юқори бўлган кунларда эса кўчага чиқишнинг ҳам имкони бўлмаяпти. Баъзилар ҳаво сифатини тозалаб берувчи техникалар харид қилишган. Яшаш жойини ўзгартириш режасини тузаётган оилалар ҳам бор.
Бирор чора кўрса бўладими?
Ёмон тарафи шундаки, ҳаво ифлосланиши билан курашиб уни бирданига тугатиб бўлмайди. Бу эса болаларнинг тоза ҳаводан нафас олишига шароит қилиб бериш қўлимиздан келмаслигини англатиши мумкин. Шундай бўлса-да, ҳаво ифлосланишининг болаларга таъсирини камайтиришга ҳаракат қилиш мумкин.
Аввало, ҳукумат томонидан ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган узоқ муддатли чоралар кўрилиши лозим. Уларни кечиктириш ўсиб келаётган янги авлоднинг соғлиги учун жиддий хавф бўлиши эҳтимолини назардан қочирмаслик зарур.
Қолаверса, соғлиқни сақлашга масъуллар ҳаво ифлосланиши шароитида ота-оналар болаларни қай тарзда максимал асраши мумкинлиги ҳақида тавсиявий материаллар, видеороликлар ишлаб чиқиши зарур. Ҳаво ифлосланиши юқори бўлганда ҳам боласини билмасдан кўчада олиб юрган оналар бўлса, бундай огоҳлантириш роликларини кўриб, қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида хабардорлиги ошади.
Қолаверса, болалар ўртасида кўпаяётган мавсумий шамоллаш ва грипп касалликларининг ҳам ҳаво сифатига боғлиқлиги бор-йўқлиги бўйича ўрганишлар олиб борилиши, умуман, болалар соғлиги ҳақида кўпроқ қайғурилиши керак.
Ота-оналар нима қила олади?
Ҳаво сифатини текшириб туриш, агар ифлосланиш кўрсаткичи юқори бўлса, уйда қолиш;
Бола билан машиналар тирбанд кўчаларда эмас, тинчроқ ва дарахтлари кўпроқ ҳудудларда бирга сайр қилиш;
Хоналарни озода сақлаш, агар имкон бўлса, ҳаво тозалагич сотиб олиш;
Энг муҳими, болада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, соғлом овқатланишига эътиборли бўлиш зарур.
Болага ифлосланган ҳаво унинг соғлигига қанчалик зарарлиги ҳақида у тушунадиган тарзда маълумот бериш, унинг ҳам огоҳлик даражасини ошириш керак.
Зилола Ғайбуллаева тайёрлади
Мавзуга оид
18:21 / 04.11.2024
Покистонда ҳаво ифлосланиши меъёрдан 60 баравар ошгани сабабли мактаблар ёпилди
18:09 / 24.10.2024
ССВ болаларни нафас аъзолари касалликларидан ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар берди
09:40 / 22.10.2024
Тошкент яна дунёнинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлари рейтингида ўнликка кирди
19:50 / 06.10.2024