Ўзбекистон | 16:49 / 22.02.2024
3394
2 дақиқада ўқилади

Бино ва иншоотларни энергия аудитидан ўтказиш режалаштирилмоқда

“Бино-иншоотларнинг энергия аудитидан ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Фото: Kun.uz

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бино-иншоотларнинг энергия самарадорлигини ошириш нуқтайи назаридан аудитдан ўтказиш ишларини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади.

Энергия аудити ўтказиш учун энергия аудит ташкилотлари рейтинг кўрсаткичлари асосида аниқланади.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги,  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги:

тегишлилиги бўйича мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим, олий таълим, соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий муассасалар, ҳамда спортни ривожлантириш, маданият ва санъат объектларининг бино-иншоотларини хатловдан ўтказади;
хатлов натижаларига кўра объектларни энергия аудитдан ўтказиш дастурини ишлаб чиқади ва «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида жойлаштиради.

Бино-иншоотларнинг энергия аудити истеъмол қилинадиган энергия ресурслар ҳажми бўйича объектив маълумотларни олиш, энергия самарадорлиги кўрсаткичларини аниқлаш, энергия йўқотишларини камайтириш, иссиқлик йўқотилиш жойларини аниқлаш ва бартараф этиш, энергия тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш имкониятларини аниқлаш, энергия самарадорлигини ошириш бўйича техник-иқтисодий асосланган тадбирларни ишлаб чиқиш орқали коммунал харажатларни камайтириш, бино-иншоотларда шинамлик даражасини ошириш, энергетик паспорт ишлаб чиқиш, энергия самарадорлик тоифасини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

Энергия аудит янги қурилган, мавжуд, функционал мақсадлари ўзгартирилган (қайта ихтисослаштирилган), реконструкция қилинган, капитал таъмирланган ва модернизация қилинган турар-жой биноларини энергетик паспортлаш ва энергияни тежашга қаратилган бошқа тадбирлар давомида амалга оширилади.

Янги ва реконструкция қилинадиган объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини энергетика экспертизасидан ўтказиш мажбурий ҳисобланади. Энергия аудит ўтказиш энергия аудит ташкилотлари томонидан шартнома асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид