Сўров: Европаликларнинг атиги 10 фоизи Украина ғалабасига ишоняпти
Ҳар бешинчи европалик Россиянинг Украинага қарши урушда ғалаба қозонишини эҳтимолий якун деб ҳисоблайди. Респондентларнинг аксарияти – 37 фоизи уруш қандайдир муроса билан якунланишига ишонади.
Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан икки йил ўтиб, бу мамлакатни қўллаб-қувватлаш европаликлар орасида кенг тарқалганича қоляпти. Шу билан бирга, ҳар ўнинчи европалик Украина Россияга қарши урушда тўлиқ ғалаба қозониши мумкинлигига ишонади. Бу ҳақда 21 феврал, чоршанба куни Британиянинг The Guardian газетаси YouGov ва Datapraxis социологик институтлари томонидан 2024 йил январ ойида Европа Иттифоқининг 12 давлатида ўтказилган сўровномага таяниб хабар берди.
Ҳатто Украинага нисбатан энг оптимистик мамлакатлар – Полша, Швеция ва Португалияда ҳам ҳар бешинчи респондентдан камроғи (17 фоиз) Украина қуролли кучларининг ғалабасига ишонади. Ўз навбатида, Россиянинг Украинага қарши урушда ғалаба қозонишини икки баравар кўп европаликлар - 20 фоиз киши эҳтимолий якун деб ҳисобламоқда. 12 мамлакатнинг барчасида уруш қандайдир «муросавий келишув» билан тугайди, деган фикр энг кенг тарқалган: сўров иштирокчиларининг 37 фоизи бу прогнозга рози. Респондентларнинг тахминан учдан бир қисми «Менга фарқи йўқ, буларнинг ҳеч бирини билмайман» жавоб вариантини кўрсатди.
Швеция, Португалия ва Полшада сўров иштирокчиларининг деярли ярми ёки тўлиқ ярми Европа Россия Федерациясига қарши урушда Украинага ёрдам бериши кераклигини таъкидлади. Венгрия (64 фоиз), Греция (59 фоиз), Италия (52 фоиз) ва Австрияда (49 фоиз) респондентларнинг аксарияти Киевни Россия билан келишувни қабул қилишга ундаш зарур, деб ҳисоблайди. Германия, Франция, Нидерландия ва Испанияда бу борадаги фикрлар бир текис тақсимланган, дея таъкидлайди нашр.
Европаликлар Украинанинг ҳарбий ғалабасига ишонмаяпти
Шу билан бирга, респондентлар Украинанинг қарши ҳужуми тўхтаб қолганига ишора қилиб, ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Доналд Трамп ғалаба қозонса, Вашингтон сиёсати ўзгаришидан қўрқяпти. «Европанинг Украинани қўллаб-қувватлашини оқлаш учун ЕИ етакчилари уруш ҳақида гапириш услубини ўзгартиришга мажбур бўлади», деди сўровнома муаллифларидан бири, Европа ташқи алоқалар кенгашидан Марк Леонард.
Унинг таъкидлашича, кўпчилик европаликлар аллақачон «Россиядаги ғалабанинг олдини олишга интилиб бўлди» ва Киев ҳарбий ғалаба қозонишига ишонмайди. Бу шуни англатадики, борган сари шубҳа билан қараётган европаликлар учун энг ишончли далил Украинага ёрдамни давом эттириш бўлади, бу «Киевга фойда келтирадиган музокаралар натижасида барқарор тинчликка олиб келиши мумкин», дея таъкидланади.
Германия, Франция, Австрия, Венгрия, Италия, Руминия, Нидерландия, Полша, Португалия, Испания, Греция ва Швецияда «Уруш ва сайловлар: Европа етакчилари Украинани қандай қўллаб-қувватлаши мумкин» ҳисоботи доирасида сўровнома ўтказилди. Бир йил олдин худди шу сўров натижалари бошқача эди. Иштирокчиларнинг чорак қисмидан кўпроғи Киев Россия Федерацияси томонидан эгаллаб олинган барча ҳудудларни қайтариши кераклигига ишонч билдирган.
Мавзуга оид
21:03
Учинчи жаҳон урушидан қўрққан подкастер Жо Роган Зеленскийни сўкди. Унга Кличко ва бошқа украинлар жавоб қайтарди
17:32
Киев ва Москва ўртасидаги тинчлик музокаралари: у қандай кўринишда бўлиши мумкин?
16:11
Фронтдаги вазият: РФ қуролли кучлари кутилмаганда Украинанинг яна бир «қалъаси» штурмини бошлади
22:59 / 26.11.2024