Жаҳон | 09:41 / 23.02.2024
15126
3 дақиқада ўқилади

Байден Юлия ва Даря Навалнаялар билан учрашди

АҚШ президенти сиёсатчи вафоти муносабати билан Алексей Навалнийнинг рафиқаси ва қизига ҳамдардлик билдирди ва россиялик мухолифатчи иши давом этишига ишонтирди.

Фото: Reuters

Оқ уй раҳбари Жо Байден Юлия ва Даря Навалнаялар билан учрашиб, улар учун оғир йўқотиш бўйича ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда 22 феврал, пайшанба куни Х ижтимоий тармоғида АҚШ президентининг ўзи маълум қилди. Байден учрашув айнан қаерда бўлганига аниқлик киритмади. «Алексейнинг жасорати мероси Юлия ва Дашада, бутун Россия бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган сон-саноқсиз одамларда сақланиб қолади», — деб ёзади АҚШ президенти.

Юлия Навалная эрининг ишини давом эттиради 

19 феврал куни Алексей Навалнийнинг беваси сиёсатчи YouTube-каналида мурожаат эълон қилди. Унда у марҳум турмуш ўртоғининг ишини давом эттиришга ваъда берган. Видеода Юлия Навалная россияликларни «аввалгидан ҳам кўпроқ, умидлироқ, шиддатлироқ» курашни давом эттиришга чақирди. Бундан ташқари, у тез орада Алексей нима учун ўлдирилганини айтишга ваъда берди. 

20 феврал куни Алексей Навалний жамоаси Юлия Навалнаянинг Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгашига мурожаати матнини эълон қилди. Унда россиялик мухолифатчининг беваси ЕИ вакилларига қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди ва эри ишини давом эттириш ниятини тасдиқлади. 

Мурожаат охирида у «Алексей Навалнийнинг Россияси номидан учта таклифни» тақдим этди. Улардан биринчиси, Россия Федерациясида март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаларини тан олмасликдир. Иккинчиси, режимга нисбатан санкциялар босимини ошириш. Учинчидан, «уруш ва диктатурадан қочган» русларга ёрдам бериш. 

Навалнийнинг онасига ўғлини яширинча дафн этиш билан таҳдид қилишмоқда

Алексей Навалнийнинг онаси Людмила Навалная 22 феврал куни видеомурожаатида унга ўғли жасади кўрсатилгани ва ундан хайрлашувсиз яширин дафн маросимига рози бўлиш талаби билан таҳдид қилинганини айтди. «Улар хайрлашмасдан, бу ишни яширинча қилишни хоҳлаяпти, мени қабристон четидаги янги қабрга олиб бориб, «ўғлингиз ётибди», дейишмоқчи. Ўлими шахсий фожиага айланган одамлар учун Алексей билан хайрлашиш имконияти пайдо бўлишини истайман», деди Людмила Навалная. 

Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмиш таъкидлашича, Алексей Навалнийнинг ўлими бўйича унинг онасига кўрсатилган тиббий хулосада «ўлим сабаблари - табиий» дейилган. ФСИН Навалнийнинг колонияда ўлганини 16 феврал куни эълон қилди. Сиёсатчининг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум. 

Мавзуга оид