Ўзбекистон | 20:54 / 23.02.2024
2092
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда “Ёш тадбиркор” танлови ўтказилади

Танловда ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилади. Танлов ғолиблари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.  

Ўзбекистонда 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ёш тадбиркор” танловини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон - 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган.  

Қайд этилишича, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан танлов асосида “маҳалла туман вилоят – республика” босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади. Бунда, ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилади.

Танловнинг республика босқичида саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, ғолиб бўлган бизнес лойиҳа ва ғоялар эгалари Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан хорижий давлатларга малака оширишга юборилади.

Давлат дастурида 2024 йил 1 мартдан бошлаб “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури жорий этилиши ҳам назарда тутилган.

Мазкур дастур доирасида маҳаллаларда ёшлар етакчилари томонидан маҳалла фаоллари иштирокида ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшлар аниқланиб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларra ўқитиш ҳамда сертификатлар олишини ташкил этиш, сертификат олган ёшлар тўғрисида маълумотларни Рақамли технологиялар вазирлигининг махсус ахборот тизимига киритиб бориш амалиёти жорий қилинади. Рақамли технологиялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан махсус ахборот тизимига киритилган ёшларни ІТ соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтириш ва ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чоралари кўрилади. 

1 мартдан бошлаб “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларини ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтириш амалиёти ҳам йўлга қўйилади. Қолаверса, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформаси ишга туширилади ва дастлабки босқичда мазкур платформа орқали 250 минг нафар ёшлар қамраб олиниши таъминланади. Ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилади ҳамда бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этилади.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид