Ўзбекистон | 16:56 / 23.02.2024
6191
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 83 та ҳуқуқбузарлик аниқланди

Бу ҳолатлар юзасидан 287 миллион сўм жарима қўлланган.

Фото: Экология вазирлиги ахборот хизмати

Сурхондарё вилоятида қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 83 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 287 миллион сўм жарима қўлланди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси, вилоят прокуратураси, Миллий гвардия бошқармаси, йўл-патрул хизмати ҳамда «Хавфсиз дарё» ДУК ташкилотлари ҳамкорлигида вилоят бўйлаб доимий рейд тадбирлари амалга оширилмоқда. Йил бошидан бугунга қадар ер-сув ҳамда норуда материалларини ноқонуний қазиб олишга қарши 132 та профилактик тадбир амалга оширилган бўлиб, шундан 99 та ҳолатда ҳуқуқбузарлик аниқланган. Шундан норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 70-моддаси 1-қисми ва 71прим 1-моддаси билан 29 та ҳолат, МЖТКнинг 65-82-95-моддалари билан 54 та ҳолатда 287 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилган. Ҳуқуқбузарликларнинг ўн олтитаси ер-сув билан боғлиқ.

15 та ҳолатда табиатга умумий ҳисобда 15 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган ва бу зарар ҳуқуқбузарлардан ундирилмоқда. 

Навбатдаги рейд тадбирлари давомида ҳам бир қатор ҳуқуқбузаликлар аниқланди. Жумладан, Жарқўрғон туманида ҳуқуқбузар туманнинг Гулҳовуз маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сурхон дарёси ўзанидан ўзининг махсус техникаси орқали қум норуда материалини қазиб олаётгани аниқланди. Унга нисбатан БҲМнинг 30 баробари – 10 миллион 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланган. Ҳуқуқбузар белгиланган жарима ҳамда табиатга етказилган зарарни (3 миллион 300 минг сўм) тўлайдиган бўлди.

Шунингдек, Денов туманида ўтказилган назорат тадбирларида Денов тумани Араб маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Қизилсув дарёси ўзанидан қум-тош қазиб олинаётгани аниқланди. Ҳолат натижасида табиатга 2 миллион 550 минг сўм зарар етказилган. Ҳуқуқбузар К.А.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 30 баробари – 10 миллион 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланди. У жарима ҳамда етказилган зарарни тўлайдиган бўлди.

Бундан ташқари, Сариосиё туманидаги Анорзор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Обизаранг дарёси қирғоқларидан тош-қум қазиб олаётган фуқаро Қ.Х.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузар БҲМнинг 10 баробари – 3 миллион 400 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. 

Олтинсой тумани ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида эса Олтинсой дарёси ўзанидан фуқаролар Т.Й. ва А.Б. махсус техника ёрдамида қум-тош маҳсулотларини ноқонуний равишда қазиб олаётгани аниқланди. Ҳолат юзасидан фуқароларнинг ҳар бирига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарлардан икки ҳолат оқибатида табиатга етказилган зарар (4 миллион 490 минг сўм) ҳамда БҲМнинг 30 баробари – 10 миллион 200 минг сўм миқдорида жарима ундириладиган бўлди.

Шу билан бирга, фуқаро Б.Б. Термиз тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи дарё ўзанидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олаётган вақтида қўлга тушди. Ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 30 баробари – 10 миллион 200 минг сўм миқдорида жарима қўлланди. Шунингдек. Б.Б. табиатга етказилган зарар – 3 миллион 450 минг сўмни ҳам тўлайдиган бўлди.

Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид