Ўзбекистон | 10:33 / 24.02.2024
34186
2 дақиқада ўқилади

«Бахти Ташкентский»нинг акаси Шуҳрат Қудратуллаев қўлга олинди

У товламачиликда айбланиб, қидирувга берилганди.

Фото: ИИБ

«Бахти Ташкентский» Бахтиёр Қудратуллаевнинг акаси Шуҳрат Қудратуллаев қўлга олинган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

1966 йилда туғилган Шуҳрат Қудратуллаев олдинроқ Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида терговдан қочиб яширинган эди.

У билан бирга яна икки киши – 1964 йилда туғилган Ҳусан Исомиддинов ҳамда 1988 йилда туғилган Феруз Вапаевга нисбатан ҳам қидирув эълон қилинганди. Ушбу шахсларни кўрган ёки қаерда эканлиги ҳақида маълумотга эга бўлганлардан Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилиш сўралган.

Олдинроқ «Бахти Ташкентский»нинг икки ўғли – Бегзод Бахтиёрович Зафаров ҳамда Қудратуллаев Ихтиёр Бахтиёр ўғли ҳам жиноят содир этишда гумонланиб қўлга олинганди.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Қудратуллаев декабр ойи бошида қўлга олинган, майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаган учун 15 суткага қамалган, бундан ташқари, Жиноят кодексининг 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик), 276-модда 2-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Бахтиёр Қудратуллаев уюшган гуруҳ таркибида ҳаракат қилгани ва бундай айблов учун далиллар етарли эканини айтганди.

Мавзуга оид