

14 февралда бошланган кўргазма 30 мартга қадар давом этади.

Тунги кўриниш
Қатарнинг Доҳа шаҳридаги дизайн биенналесида «Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана» кўргазмаси очилди. Унда 49 та қўл меҳнати намунаси, жумладан ёғоч, икат шойиси ва бахмал матосидан тайёрланган буюмлар ўрин олган.
24 феврал куни Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Қатарнинг Доҳа шаҳридаги дизайн биенналесида «Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана» кўргазма лойиҳасини тақдим этди. Унда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди.
Жамғарма матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилишича, жамғарма биенналеда иштирок этишга Ўзбекистоннинг ҳунармандчилик меросини намойиш этиш учун таклиф қилинган. Кўргазмага ташриф буюрувчилар ёғоч, икат шойиси ва бахмал матосидан тайёрланган буюмларни томоша қилишлари мумкин.
Кўргазмада 49 та қўл меҳнати намуналари, жумладан, дизайнер Нада Дебс ва ўзбекистонлик уста Сирожиддин Раҳматиллаев ҳамкорлигидаги асарлар намойиш этилмоқда. Ўз ҳамкорликларида улар ташриф буюрувчиларга анъанавий мебель унсурларининг замонавий талқинини тақдим этади.
«Биз шу кунларда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтаётган дизайн биенналесида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда Crafting Uzbekistan: Tradition in Threads кўргазма лойиҳасини тақдим этмоқдамиз.
Ушбу тадбирда ҳам маҳаллий, ҳам минтақавий, ҳам глобал миқёсда дизайн соҳасига оид илғор тажрибалар алмашинуви бўлиб ўтади. Ундаги иштирокимиздан мамнунман», деб ёзди Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

У «Ҳунарманд Ўзбекистон: толалардаги анъана» кўргазмасида Ўзбекистоннинг бой ҳунармандчилик анъаналари билан замонавий ижод уйғунлиги намойиш этилаётганини таъкидлаган.
«Кўп асрлик тарихга эга ҳунармандчилигимизнинг бебаҳо мероси бизни анъана ва маданиятимизни асраб-авайлашга ундайди», дейди Саида Мирзиёева.
У Қатар Музейлар идораси вакилларига глобал маданий алмашинувни ривожлантириш ва бадиий инновациялар яратиш йўлидаги ҳаракатлари, шунингдек, биенналега таклиф учун миннатдорчилик билдирди.



14 февралда бошланган кўргазма 30 мартга қадар давом этади.

10:51 / 24.05.2025
20:52 / 18.05.2025
20:35 / 16.05.2025
17:21 / 14.05.2025