Жаҳон | 19:59 / 25.02.2024
23270
7 дақиқада ўқилади

Майдан, 2014 йил феврали. Ҳал қилувчи кунлар фотохроникаси

10 йил муқаддам Киевда президент Виктор Янукович ва намойишга чиққан ўн минглаб украинлар ўртасидаги қарама-қаршиликда асосий воқеалар бўлиб ўтганди. Янукович Евроиттифоқ билан келишувдан юз ўгириб, Россия билан яқиндан интеграция томон йўл тутишига қарши намойишлар президентнинг қочиши ва Украинанинг Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорлик йўналишидаги глобал ўзгаришлар билан якунланганди. Қуйидаги фотожамланмада Киевдаги Евромайданнинг сўнгги, ҳал қилувчи паллалари ҳақида ҳикоя қилинади.

Президент Янукович Европадан юз ўгириб, Россия томон ўгирилишига қарши 2023 йил ноябр ойи ўрталарида бошланган намойишлар вақт ўтиб сўна бошлайди. Аммо 29 ноябрдан 30 ноябрга ўтар кечаси ИИВнинг «Беркут» номли махсус бўлинмаси жангчилари палаткалар лагерини куч билан тарқатиши ва талабалар орасидаги илк қурбонлар янги норозилик тўлқинини келтириб чиқаради ва Киев марказидаги майдон яна деярли ҳар куни одамлар билан тўла бошлайди.

2013 йил декабр ва 2014 йил январида Киевда махсус топшириқли бўлинма отрядлари билан шиддатли тўқнашувлар бўлиб ўтади, улар аввалига Мустақиллик майдонини ва палаткалар лагерини намойишчилардан тозалашга ҳаракат қилишади, кейин эса майдондан ҳукумат кварталлари ва Украина парламенти томон бориш йўлларини тўсиб қўяди.

Намойишчилар ва махсус топшириқли бўлинмалар ўртасидаги позицион курашлардан кейин Грушевский ва Институтская кўчаларидаги баррикадаларда Майдан ва кучишлатар тузилмалар ўртасида чегара ҳосил бўлади.

Майдоннинг ўзида деярли ҳар оқшом Киев аҳолиси ва Украинанинг бошқа шаҳарларидан келганлар иштирокида митинглар ўтказилади. Евроинтеграция бўйича келишувга қайтиш ҳақидаги дастлабки талабларга янгидан янгилари қўшилади: намойишларни куч билан тарқатганларни жазолаш, қўлга олинган намойишчиларни озод этиш ва Украина ҳукумати йиғилишлар ўтказиш ва сўз эркинлигига қўйган чекловларни бекор қилиш тўғрисидаги таклифлар.

Ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари тузилиши ноябр ойи охирида бошланганди. Феврал ойига келиб, мухолифат етакчиларига кўра, баррикадаларда навбатчилик қилувчи гуруҳлар сафига беш мингдан ортиқ киши ёзилганди.

«Оловда тобланганлар ёнмайди», — дейилади Тарас Шевченко акс этган граффитида (юқоридаги сурат). Майдан Виктор Януковичнинг турли сиёсий оқимлардаги рақибларини жамлайди. Россия пропагандаси тилига тушган ва мамлакатда тақиқланган ташкилот ҳисобланувчи «Ўнг сектор» радикал миллатчилар оқими вакилларини бирлаштирган ва УПА (XX асрда Украина исёнчи армияси) байроғидаги қизил ва қорани ўз ранглари сифатида танлаган. Суратлардаги аёллардан бири — парламентдаги «Баткившчина» партияси етакчиси Юлия Тимошенконинг тарафдори, Майдандагиларнинг талабларидан бири уни ҳибсдан озод этиш бўлганди.

Феврал ўрталарига келиб январдан буён намойишларга ҳамроҳлик қилган совуқ ҳарорат чекинади. Намойишчилар кўчалардаги қор уюмлари қолдиқларини қопларга йиғиб, баррикадаларни мустаҳкамлайди.

Февралнинг илк ҳафталарида баррикадалардаги вазият анча хотиржам эди.

Феврал ойи ўрталарига қадар мўрт мувозанат сақланиб қолади: президент Виктор Янукович қисман ён беради ва коалицион ҳукумат тузилишига рози бўлади. Намойишчилар Киев марказида эгалланган қатор ҳукумат биноларини бўшатади, Украина ғарбидаги бир қанча областларнинг бинолари ҳам ихтиёрий равишда тарк этилади.

Аммо 18 феврал куни барчаси янгидан авж олади. Олий рада биноси томон «Тинч юриш» (намойиш етакчилари буни шундай атаган) «Беркут» отрядлари қаршилигига учрайди ва аёвсиз муштлашув келиб чиқади.

Ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари аъзоларининг аксар қисми фақат таёқ, сўйил ва ёнувчан суюқлик тўлдирилган бутилкалар билан қуролланиб, қалқонлар билан ҳимояланганди. Бу тўқнашувлар бошланган маҳалда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларида одатда оломонни тарқатишда қўлланадиган воситалар, жумладан кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқлар бўлган.

Намойишчилар орасида Майданнинг чиниққан ҳимоячилари ҳам, оддий ўткинчилар ҳам бор эди.

Ўша куни ўнлаб намойишчилар жиддий тан жароҳатлари олишади.

Милиция ходимлари орасида ҳам жабрланганлар бўлган.

Ўзини ўзи мудофаа кучлари «Беркут» Майдан ҳимоячиларининг позицияларига ёриб киришига қаршилик кўрсатади.

Баррикадаларда тўпланган юзлаб автомобил ғилдираклари яна аланга олади.

18 феврал куни кун охирига келиб баррикадалар бузиб ташланиб, полиция отрядлари Мустақиллик майдонига ёриб киради.

Бутун тун бўйи Майданда ёнғинлар давом этади. Махсус топшириқли бўлинмалар олдинги позицияларига қайтади.

Тонгда Майдан ҳимоячилари майдонда гулханлар қолдиқларидан баррикадаларни тиклай бошлайди.

Майдан яқинидаги Михайловский соборида милиция ходимлари билан тўқнашувларда жароҳат олганлар учун дала ҳоспитали ташкил этилади.

Вазият 20 феврал тонгида кескин ёмонлаша бошлайди. Институтская кўчаси бўйлаб «Беркут» позицияларига юриш қилган намойишчилар гуруҳи автоматлардан ўққа тутиш билан қарши олинади. Қўлбола қалқонлар ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари аъзоларини ҳимоя қила олмасди. Бир соат ичида ўнлаб кишилар ўлдирилади ва яраланади.

Юзлаб хорижлик журналистлар ишлаган «Украина» меҳмонхонасининг биринчи қавати Институтская кўчасида яраланганларга ёрдам бериладиган шифохонага айлантирилади.

Майдонга кириш жойлари тўсилган ва ярадорларни кварталлар оралаб тез ёрдам машиналарига ташишади.

Ўша куни ўнлаб кишилар вафот этади. Ўша куни ва ундан олдинги кунларда ҳалок бўлганлар «Самовий юзталик» деб аталади ва Институтская кўчасининг Мустақиллик майдонига уловчи қисми уларнинг шарафига аталади. Қуролсиз одамларга ким ўт очгани борасида мунозаралар кечади, аммо «Беркут»нинг бир неча ходими намойишчиларга қарши ўқотар қурол қўллашда айбланади.

Кейинги куни Киевга европалик музокарачилар делегацияси келади ва вазият тезлик билан ўзгара бошлайди. Махсус топшириқли кучлар ўз позицияларидан чекинади ва Олий рада атрофидаги тўсиқларни олиб ташлайди. Кун охирига келиб президент Янукович мухолифатчи партиялар талабларини бажаришга рози бўлгани эълон қилинади.

Майдондаги яна бир намойиш мухолифатчиларнинг Янукович билан келишиб олгани ҳақидаги хабарни ғазаб билан қарши олади, ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари президент кетиши кераклигини айтишади. Аммо 2014 йил 21 феврал куниёқ Майдан ғолиб бўлгани аён эди. Тунда Виктор Янукович Киевдан қочиб кетгани ҳақида хабар тарқалади. Қрим Россия қўшини томонидан эгалланишига бир ҳафтадан ортиқроқ вақт қолганди, Игор Стрелков (Гиркин) Донецк областидаги Словянск шаҳрида пайдо бўлишига — бир ярим ой, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланишига эса — саккиз йил.

Мавзуга оид