Ўзбекистон | 20:40 / 26.02.2024
9170
2 дақиқада ўқилади

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига раҳбар тайинланди

Энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров шу лавозимда иш бошлайдиган бўлди.

Акмал Жуманазаров / Фото: Энергетика вазирлиги

Президент қарори билан Акмал Рўзиқулович Жуманазаров Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори лавозимига тайинланди. Шу сабабли, энергетика вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.

Жуманазаров 2023 йил февралидан буён энергетика вазирининг электр энергетикаси ва кўмир саноати масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётганди.

У муқаддам Вазирлар Маҳкамаси Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаментининг бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Техник тартибга солиш агентлиги 2021 йилда президент фармонига асосан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида ташкил этилган. Агентлик техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги «Ўзстандарт» агентлигининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

  • 2018 йилдан «Ўзстандарт» агентлиги (аввалги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, ҳозирги Техник тартибга солиш агентлиги) директори бўлиб ишлаган Дилшод Саттаров 2024 йил январида «ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик» учун лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид