Ўзбекистон | 10:47 / 28.02.2024
27514
3 дақиқада ўқилади

“Тошкентда 500 гектардан ошиқ ҳудуд реновацияга тушган” – пойтахт ҳокими

Шавкат Умрзоқов Тошкент шаҳрида 500 гектар ҳудуддаги бинолар реновация қилиниши кераклигини айтди. Ҳокимнинг таъкидлашича, бундай бинолар қаторига 2 қаватли эски уйлар ва Сергели туманидаги айрим турар жойлар ҳам киради.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда Шавкат Умрзоқов 27 феврал куни давлат раҳбари билан бўлган йиғилишдан сўнг Ўзбекистон24 телеканалига берган интервюсида айтиб ўтган.

Қайд этилишича, мажлисда Тошкент шаҳрида саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳужжатлар лойиҳалари доирасида кейинги турган долзарб масала сифатида қурилиш ва реновациядаги муаммолар ҳақида ҳам гапириб ўтилган.

Умрзоқов пойтахтнинг ўзида 500 гектардан ортиқ бўлган ҳудудда қайта янгиланишга муҳтож бинолар борлигини таъкидлади. Улар қаторида собиқ совет вақтида қурилган 2 қаватли бинолар ҳам бор.

“Кўп йиллар олдин қурилган 2 қаватли бинолар, Сергели туманида вақтинчалик қурилиб кетган уйлар – [уларнинг] ҳаммаси бугунги кунда талабга жавоб бермайди, хавфсизлик нуқтаи назаридан уларда риск катта.

Албатта, давлат бизнесга шароит яратиб бергани учун хусусий сектор уларни [уйларни] бемалол кўчиради, у ерда зўр, чиройли қурилиш объектларини барпо этади”,– деди у.  

Ҳокимнинг қўшимча қилишича, шу вақтгача реновация қилинадиган ерлар бўйича аниқ механизм бўлмаган, йиғилишдан сўнг бу масала ҳал бўлган. Яъни 500 гектардан ошиқ ҳудуд реновация қилиниши тасдиқланган. “Ўйлайманки, бу хусусий сектор ишлашига жуда катта имконият”,– дейди Умрзоқов интервю сўнгида.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда президент парламентга қилган мурожаатида йирик мегаполисларнинг тажрибаси ўрганилиб, реновация дастури босқичма-босқич жорий этилишини маълум қилганди. Яъни фойдаланиш муддати тугаб, эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида замонавий шароитга эга бўлган янги уйлар қуриш дастури ишлаб чиқиш лозимлигини айтганди.

2021 йилда ўша вақтдаги Уй-жой ва коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган реновация дастури бўйича ҳукумат лойиҳаси эълон қилинганди.

Унга кўра, 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда кўп қаватли уй-жой фондини янгилаш ишлари бошланиши, дастур доирасида кўп қаватли уйларнинг инвентаризацияси ва уларни таъмирлаш ёки бузиш режалаштирилгани қайд этилган.

Ўтган йили ноябрь ойида эса “Адолат” СДП Тошкент шаҳрида реновациянинг мустаҳкам қонунчилик асослари бўлмагунча унинг асосида янги қурилишлар қилинишига қарши эканини билдирганди.

Мавзуга оид