Жаҳон | 14:40 / 28.02.2024
12712
3 дақиқада ўқилади

Украина қуролли кучлари Донецк яқинидаги қишлоқлардан чекинди

«Таврия» ТСКГ спикери Дмитрий Лиховийнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари Авдийивка йўналишидаги Тоненкое, Орловка ва Бердич қишлоқлари ҳудудларида мудофаа чизиғини барқарорлаштирган.

Фото: TASS/imago images

Украина қўшинлари Донецк вилоятидаги Авдийивка ғарбида жойлашган Степное ва Северное аҳоли пунктларидан чекинди. 27 феврал, сешанба куни эрталаб Авдийивка йўналишидаги Тоненкое, Орловка ва Бердич қишлоқлари ҳудудларида мудофаа чизиғи барқарорлаштирилди. Бу ҳақда «Таврия» тезкор-стратегик кучлар гуруҳи (ТСКГ) спикери Дмитрий Лиховий миллий телемарафон эфирида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «Орловка қишлоғи шимолий-шарқий чеккасида душман ҳужум гуруҳлари тўсилган», Россия қуролли кучларининг зич артиллерия ўқлари, миномёт ҳужумлари, FPV учувчисиз учоқлари зарбалари ва бошқа шароитда жанговар ҳаракатлар давом этмоқда. 

Лиховий таъкидлаганидек, урушдан олдин Степное ва Северное аҳолиси жами 100 киши эди. Северное қишлоғи учун жанглар 26 феврал оқшомидан тунгача давом этди, Россия томони эса «катта йўқотишларга учради», дея қўшимча қилди у.

«Таврия» ТСКГ спикери сўнгги бир неча кун ичида руслар ўз ҳужумларининг интенсивлигини ва ҳужум гуруҳлари сонини оширганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Россия қуролли кучлари ҳозирда Маринка йўналишидаги каби «взводгача, баъзи жойларда эса ротагача бўлган» ҳужум гуруҳларидан фойдаланмоқда. 

Аввалроқ Украина қуролли кучлари Донецк вилоятидаги Ласточкино қишлоғидан олиб чиқиб кетилгани ҳақида хабар берилганди. 

Авдийивканинг Россия томонидан қўлга олиниши 

Россия қўшинлари 2023 йил октябр ойида Авдийивкага ҳужум бошлади. АҚШ разведкаси декабр ойида катта йўқотишлар ҳақида хабар берди.

17 феврал куни яқинда Украина қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинланган Александр Сирский ва қўшинларнинг «Таврия» оператив-стратегик гуруҳи қўмондони Александр Тарнавский Украина қўшинлари Донецк вилояти Авдийивка шаҳридан чиқиб кетаётганини маълум қилди. Шу куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия президенти Владимир Путинга шаҳарнинг Россия қуролли кучлари томонидан эгаллаб олингани ҳақида ҳисобот берди.

Кузатувчиларнинг қайд этишича, Авдийивканинг қўлга олиниши Россия қуролли кучлари учун Константиновка, Краматорск ва Славянскка йўл очади. Шу билан бирга, Бундесвер бош инспектори, генерал-лейтенант Карстен Бреер 18 феврал куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC)да DW нашрига берган интервюсида Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийнинг Авдийивкадан чиқиб кетиш қарорини тўғри деб билишини, бу аскарлар ҳаётини сақлаб қолиш учун кераклигини айтди. Бреер сўзларига кўра, Сирскийнинг «режаси бор» ва у «нима истаётганини билади». 

Мавзуга оид