Спорт | 20:52 / 29.02.2024
24010
2 дақиқада ўқилади

Погба допинг қабул қилгани учун 4 йилга футболдан дисквалификация қилинди

«Ювентус» ва Франция миллий жамоаси яримҳимоячиси Пол Погба узоқ муддатга футболдан четлатилди.

Фото: Getty Images

Италия антидопинг прокуратураси Погбани 4 йилга футболдан четлатиш борасида Италия футбол федерациясига талабнома жўнатгач, франциялик 30 ёшли футболчи футболдан 4 йилга дисквалификация қилинди.

Кўп ўтмай, футболчи ҳукм бўйича Спорт арбитраж судига шикоят аризаси киритишини маълум қилди.

«Антидопинг қўмитасининг қарори ҳақида хабар топдим ва бу ҳукмни нотўғри деб ҳисоблайман. Жуда ҳам хафаман, шок ҳолатидаман. Барча эришганларимни мендан ўғирлангандек ҳис қиляпман. Мени боримдан маҳрум қилишди.

Бу воқеанинг барчаси ҳали очиқланади, аммо мен ҳеч қачон атайлаб ёки мақсадли равишда допинг қоидаларини бузадиган қўшимчаларни қабул қилмаганман.

Профессионал спортчи сифатида ўз натижаларимни тақиқланган моддалар ёрдамида яхшилаш учун ҳаттоки уринмаганман. Ҳеч қачон ўзим ўйнаган ва рақиб жамоаларнинг спортчилари ҳамда мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатмаган ёки уларни алдамаганман.

Бугун эълон қилинган ҳукмдан келиб чиққан ҳолда мен Спорт арбитраж судига шикоят аризасини киритаман», - деб ёзади Погба «инстаграм»даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 20 август куни франциялик жаҳон чемпионининг тестостеронга топширган допинг таҳлили мусбат натижа берганди. Такрорий тестда ҳам натижа бир хил чиққач, 30 ёшли футболчи футболдан вақтинчалик четлатилган эди.

Маълумот учун, Погбанинг «Ювентус» билан амалдаги келишуви 2026 йилга қадар имзоланган. У жорий мавсум клуби сафида бор йўғи 2 ўйинда майдонга тушиб, жароҳат олганди.

Мавзуга оид