Жаҳон | 11:27 / 01.03.2024
4370
5 дақиқада ўқилади

Амстердам MH17 ҳалокатидан кўрган зарарини 166 млн еврога баҳолади

Нидерландия Украина шарқида уриб туширилган йўловчи самолёти бортидаги 298 кишининг ўлими учун жавобгар экани айтилаётган Россиядан тўлов талаб қилмоқчи. 

Фото: AP

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17рейси 2014 йилда Донецк вилоятида ҳалокатга учраши муносабати билан Нидерландия 166 миллион евро зарар кўрган. Бундай маълумотлар Нидерландия Ҳисоб палатаси томонидан ҳукумат талабига биноан тайёрланган ҳисоботда келтирилган. Ҳужжат 29 феврал, пайшанба куни Ҳаагада тақдим этилди

Нидерландия бош вазири Марк Рюттенинг X ижтимоий тармоғидаги постига кўра, ушбу харажатлар Нидерландиянинг даъвоси натижасида Россияга юкланиши мумкин. 

«Ҳукумат ушбу ҳисобот учун жуда миннатдор, чунки қурбонлар ва уларнинг яқинлари азоб-уқубатларини енгиллаштириш иложи йўқлиги аниқ бўлса-да, биз адолат сари қадам ташлашимиз мумкин. Масалан, ушбу ҳисобот Нидерландиянинг Россияга қарши товон тўлаш учун асосли даъвосига олиб келиши мумкин», - дейилади хабарда. 

Нидерландия БМТ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотида MH17 ҳалокати учун Россия давлатининг жавобгарлиги юзасидан иш қўзғатди. Нидерландия Ҳисоб палатасига ушбу даъвони тўлдириш учун мамлакатнинг ушбу офат билан боғлиқ харажатлари тўғрисида маълумот тўплаш вазифаси юкланган. 

MH17 рейси ҳалокати билан боғлиқ Нидерландия харажатлари 

Ҳисоботда айтилишича, энг катта харажатлар моддаси табиий офат сабабларини ўрганиш бўлган: бунга 53 миллион евро сарфланган. Яна 34,1 миллион евро гумондорларни жиноий таъқиб қилишни ва суд жараёнини ташкил этишга сарфланди. 

Россиянинг ТАСС агентлиги ёзишича, ҳисоботда фақат 2022 йил охиригача қилинган харажатлар ҳисобга олинган. «Шунинг учун, масалан, 2023 йил август ойида ҳокимият томонидан жабрланувчиларнинг яқинларига етказилган зарарни қоплаш учун депозит сифатида ажратилган 16,5 миллион евро маблағ киритилмаган. Келажакда бу маблағлар ҳар йили янги харажатларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилиши керак, масалан, фожиа қурбонларининг оилалари ва яқинларига психологик ёрдам кўрсатиш, хотира тадбирларини ўтказиш ҳамда Монреалдаги фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти ва Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўриб чиқилаётган ишлар контекстида мутахассисларнинг хизматларига ҳақ тўлаш», — дейилади баёнотда.

MH17 рейси Украина узра ҳалокатга учраган

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейси 2014 йил 17 июл куни Украина шарқида мамлакат қуролли кучлари ва айирмачилар ўртасида ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган ҳудудда уриб туширилган. Натижада 298 киши ҳалок бўлди. 

Фожиадан сўнг бешта давлат – Австралия, Белгия, Малайзия, Нидерландия ва Украина қўшма Халқаро тергов гуруҳини (JIT) тузди. Мутахассислар Донбасс осмонида фуқаро самолёти «Бук» зенит-ракета мажмуаси томонидан отилган 9М38 серияли ракета билан уриб туширилган ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими россияпараст кучлар назорати остидаги ҳудудда жойлашган, деган хулосага келди. Терговчилар «Бук» Украина ҳудудига Курск яқинида жойлашган 53-Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа бригадасидан олиб келинганига ва фожиадан кўп ўтмай, чегара орқали Россия ҳудудига қайтарилганига ишончи комил. 

MH17 иши бўйича Ҳаага судининг қарори 

2022 йил ноябрида Ҳаага округ суди ўзини «ДХР» деб эълон қилган ҳудуд собиқ «мудофаа вазири» Игор Гиркин (Стрелков), генерал-майор Сергей Дубинский ва Леонид Харченкони ҳодисада айбдор деб топди. Учаласи ҳам сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Суд кўриб чиққан тергов хулосаларига кўра, судланувчилар жиноят қуроли - «Бук» зенит-ракета мажмуасининг Россиядан келишига ёрдам берган ва унинг экипажи ҳаракатларини мувофиқлаштирган, шу билан «298 кишининг ўлдирилишида асосий рол ўйнаган». Суд, шунингдек, МН17 рейси Первомайский қишлоғи яқинидаги даладан отилган Россиянинг «Бук» ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширилганини исботлади.

Гиркин, Дубинский ва Харченко қурбонларнинг яқинларига жами 16 миллион евро тўлашга мажбур. Ҳукм кучга кирганидан кейин саккиз ой ичида улар буни қилмаса, товон Нидерландия давлати томонидан тўланиши, кейинчалик маҳкумлардан пул талаб қилиши лозим эди.

Россия Ҳаага судининг MH17 иши бўйича чиқарган ҳукмини рад этиб, уни сиёсий сабабга эга деб атади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид