Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун қабул қилинди
Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан мансабдор шахсларга огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш, бола ҳуқуқларини бузганларни жавобгарликка тортиш учун тегишли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга деб белгиланди. Болалар омбудсмани 14 та ҳудудда ўз вакилларига эга бўлади.
“Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонунга кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.
Вакил ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда давлат органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ҳамда ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдордир.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан 5 йил муддатга сайланади.
Қонунга кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакил:
- мансабдор шахсларга бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантиришлар юбориш;
- давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
- ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимосномалар киритиш ҳуқуқига эга.
Вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиш ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади.
Вакил болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини тайинлайди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мавзуга оид
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
16:59 / 04.12.2024
Андижондаги мутасаддиларнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун огоҳлантирув ҳужжати киритилди — Болалар омбудсмани
18:47 / 03.12.2024
Андижонда мактаб ўқувчилари “қизил тоифа”га ажратилди
20:40 / 28.11.2024