Ўзбекистон | 14:00 / 06.03.2024
5654
6 дақиқада ўқилади

Магистрал газ қувурлари тармоғида аёллар меҳнати — фидойилик

Айни пайтда 13 минг кмдан ортиқ юқори босимли қувурлардан иборат газ транспорт тизими ва муҳандислик иншоотларига хизмат кўрсатувчи “Ўзтрансгаз” АЖ жамоасида 820 нафар хотин-қизлар ҳам меҳнат қилади. Улар орасида раҳбарлар, муҳандис, диспетчер, оператор ва чилангарлик каби аёллар учун мураккаб бўлган касб эгалари бор. Мақолада йўналишда амалга оширилган ишлар ва тажрибали ходималар ҳақида сўз юритамиз.

Фото: Ўзтрансгаз

Газли магистрал газ қувурлари бошқармаси назорат ўлчов асбоблари ва автоматика бўлими ходими Ирина Фаттахова улардан бири. Газли шаҳрида туғилган Иринага газчилик ота касб. Тизимда ишловчи ходимлар турли миллат вакиллари экани ҳам эътиборли жиҳат. Татар қизи Ирина бугун байналминал жамоада турли миллат вакиллари билан аҳилликда ишламоқда.

Ирина Фаттахова

Тажрибали мутахассис И.Фаттахова аввал "Газлитрансгазқазибчиқариш" бошқармасида муҳандис бўлиб иш бошлаган бўлса, кейинги 10 йилдан ортиқ ҳаёти Газли МГҚБ билан чамбарчас боғлиқ. Бугун 5-"Б" газ сиқув компрессор станцияси муҳандисини меҳнат жамоасидагилар ҳурмат қилади. Магистрал газ қувурлари тармоғида бундай аёллар оз эмас. Юртимизда хотин-қизларга эътибор ортиб, масалага давлат сиёсати даражасида қаралаётган кейинги пайтларда “Ўзтрансгаз” АЖда ҳам бу борадаги ишлар янги босқичда олиб бориляпти. Хусусан, маданий-маърифий тадбирлар, тиббий кўрик ва спорт мусобақалари шулар жумласидан. Айниқса, Жамият раҳбарининг тизимдаги хотин-қизлар билан учрашиб мавжуд ҳолатни бевосита аёлларнинг ўзларидан эшитиш тартиби йўлга қўйилгани эътиборли. Бундай самимий суҳбатларда янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилмоқда. Мавжуд муаммоларни ечиш, шароитларни янада яхшилаш мақсадида саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти.

Раис билан учрашув

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз аёлларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, барча соҳада гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояланиши ҳамда ижтимоий муҳофазаси масаласида қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида тармоқ аёлларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, муаммоларини ҳал қилиш, рағбатлантириш, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларига алоқадор масалаларни таҳлил қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасидаги ишларни янада жонлантириш учун Бошқарув раисининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий қилинди. Бу янгилик – йўналишда янги саҳифа очди ва тадбирлар қамровини кенгайтиришга имкон беради. Бугун Зомин туманида “Ўзтрансгаз аёллари, бирлашайлик!” мавзусида ўтказилган 4-форумда бу ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.

Зомин форуми

Самарқандлик Марҳабо Тошқулова –  газ тақсимлаш станцияси оператори бўлиб ишлаган Меҳри опанинг изидан юрди. Қайнонасининг ишига меҳр қўйиб, касбнинг сир-асрорларини ўрганди. Салкам 22 йилдан буён “Жомбой” ГТС оператори бўлиб ишлаётган Марҳабо касби ҳақида гапириб берди. — Ишимиз ўзига хос ва мураккаб томонлари бор. Кеча-ю кундуз монометрларни кузатиш, вақти келса оғир мурватларни бураш зарур. Станциямизга юқори босимли газ қабул қилиниб, унинг босими ўрта босимга туширилади. Бундай иншоотлар орқали неча миллионлаб куб метр табиий газ ўтади. Жараён назоратига биз операторлар жавобгармиз. Ишда жиддий масъулият, оилада уй ишлари ва болалар тарбиясига улгуришнинг ўзи бўлмайди. Шунга қарамай, юрт корига яраш, газ тизими ишига ўз меҳнатимиз билан ҳисса қўшиш истагида доим ҳаракатдамиз,  дейди у.

Марҳабо Тошқулова

Тошкент магистрал газ қувурлари бошқармаси оператори Наталя Гадаева “Эйвалек” газ тақсимлаш станциясида ишлайди. Ёшлигида ота-онаси ортидан станцияга бориб юрган қизалоқ вақтлар келиб ўзи ҳам оператор бўлиб ишлашини ҳис қиларди. Бошқа касб ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган Наталя касбнинг мураккабликлари ва масъулиятига тўхталди. — Бир қарашда бу тизимда ишлаш аёлларга хос эмасдек. Лекин бу менинг тақдирим. Биз операторлар соатларда яшаймиз десам хато бўлмас. Менинг юрагимнинг ўзи соат. Қандайдир бир сезги ҳар соатда сергакликка ундаб, дарак бериб туради. Вақти билан кўрсаткичларни олиб қайд этиб бораман. Истеъмолчиларимиз "Ҳудудгаз Оҳангарон" бўлими. Яна саноат тармоғи ҳам бор. Станцияда табиий газга ҳид берувчи кимёвий модда "одорант" қўшиб, тарқатувчи тармоққа узатилади. Кимёвий модда ўта кучли одорант, унинг ҳидида кўп қолинса, соғлиққа салбий таъсири бор. Лекин бусиз бўлмайди, шу қўшимча одамларни табиий газ сизиб чиқишидан огоҳлантиради. Бу муҳим нарса...

Наталя Гадаева

Магистрал газ қувурлари тизимида ишлаётган ходимлар ичида хотин-қизлар улуши кўпчилик эмас. Сабаби, соҳада ишлашнинг ўзига хос талаблари бор. Лекин қаерда инсонларга эътибор кучли бўлса, ўша ерда олдинга силжиш, меҳнатга виждонан ёндашув ва ҳаётдан миннатдорлик туйғулари кучаяди. Мавжуд имкониятлар учун ташаббускор ва ташкилотчиларга раҳматлар айтгиси келади. Соҳанинг фаол аёллари ҳақидаги ҳикояларни яна давом эттириш мумкин. Байрам арафасида тизимда меҳнат қилаётган барча ходималар ва уларнинг яқинларини Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий табриклаймиз!

Мавзуга оид