Жаҳон | 09:18 / 08.03.2024
24183
3 дақиқада ўқилади

Залужний янги лавозимга тайинланди

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужнийни Буюк Британиядаги элчи лавозимига тайинлади. BBC манбаси тасдиқлашича, Залужнийга истеъфосидан кейиноқ Европа мамлакатларидан биридаги элчилик лавозими таклиф этилган, аммо ўшанда у бу таклифни рад этганди.

Фото: Getty Images

BBC Украина хизмати маълумотига кўра, генерал элчи бўлишга розилик берган ва яқин вақтлар ичида президент тегишли фармонини имзолайди.

7 март куни Украина ТИВ Володимир Зеленский Залужний Буюк Британия элчиси бўлишига розилик бергани ва энди Британия томонига дастлабки розилик бўйича тегишли сўров юборгани ҳақида хабар берди. Кейинроқ Зеленскийнинг ўзи ҳам кечки видеомурожаатида бу ҳақда тўхталиб ўтди.

Украинанинг Лондондаги элчиси лавозими ўтган йил июл ойидан буён вакант турганди.

Бундан бир ой муқаддам Украина президенти Залужнийни Украина қуролли кучлари бош қўмондонлигидан истеъфога чиқарганди. Зеленский ўшанда генералга «икки йиллик мудофаа» учун миннатдорчилик билдириб, Залужнийга «бундан кейин ҳам Украина давлати жамоасида қолиш»ни таклиф қилганди. «У рози бўлса бундан миннатдор бўламан», — дея қўшимча қилганди ўшанда Зеленский.

Чўзилган розилик

Кутилаётган истеъфо ҳақидаги хабар Украинадаги ва халқаро нашрларда бир неча ҳафта олдинроқ пайдо бўлганди. Бунга президент ва бош қўмондон ўртасидаги зиддият сабаб сифатида келтирилганди.

Ғарб нашрлари маълумотига кўра, Зеленский Залужнийнинг обрўси ошиб бораётгани ҳамда у фронтдаги вазият боши берк кўчага кириб қолгани ва позицион уруш босқичига ўтгани ҳақида гапирган интервюсидан дарғазаб бўлган.

2023 йил кузида Economist журналида Залужнийнинг мақоласи ва интервюси чиқади, бу эса катта шов-шув келтириб чиқарганди ва унинг истеъфоси билан якунланган жараённи бошлаб берганди.

Залужний Economist мақоласида илк бор украинларнинг қарши ҳужуми кутилган натижани бермагани, катта йўқотишлар Россия армиясини ҳолдан тойдиришига умид қилиш хато бўлганини тан олганди.

У уруш якунлари Ғарбнинг позицияси ва ёрдамига боғлиқ бўлишини айтганди, шу билан бирга сатрлар орасида кўп нарса Украина сиёсий раҳбариятига боғлиқ экани айтаётганини ҳам уқиш мумкин эди.

Миш-мишларга кўра, Украина президенти урушнинг бориши тўғрисида бошқача фикрда бўлган, аммо Зеленскийнинг жамоаси буни мунтазам равишда рад этиб келганди.

Шу билан бир вақтда ижтимоий сўровлар президентнинг рейтинги пасаётгани ва 2021 йилдан буён Украина қуролли кучлари бош қўмондони бўлган Залужнийнинг машҳурлик даражаси барқарор қолаётганини қайд этарди.

BBC манбаси тасдиқлашича, шу йил январ ойи охирида, Зеленский ўзаро суҳбатда генералга истеъфо ҳақида билдирганида, армиядаги муайян ўзгаришлар бўйича таклифини ҳам берган.

Ўша вақтда Украина қуролли кучлари бош қўмондонига Европа мамлакатларидан биридаги элчилик лавозими (Киев кўп ойлардан буён Буюк Британия, Норвегия ва Чехия каби мамлакатлардаги янги элчиларини тайинламай келмоқда) ёки Хавфсизлик кенгаши котиби лавозими таклиф этилган. Залужний эса фаолиятини давом эттириш учун бундай вариантларга розилик билдирмаганди.

Мавзуга оид