Жаҳон | 22:50 / 09.03.2024
10543
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск телевизорлар учун YouTube муқобилини ишга туширади

X ижтимоий тармоғи Amazon ва Samsung телевизорлари учун YouTube муқобилини ишга туширади.

Фото: Getty Images / Chesnot

Илон Маск эгалик қиладиган X ижтимоий тармоғи Amazon ва Samsung ақлли телевизорлари учун видеоиловани чиқаради, деб ёзди Fortune компаниядаги манбага таяниб.

Илова 11 мартдан кейин тақдим этилади. Кўринишидан у телевизорлар учун мўлжалланган YouTube иловасига ўхшаш бўлади. Илон Маск фойдаланувчиларни «катта экранда узун видеоларни» кўришга ундамоқчи.

Таъкидланишича, Маск YouTube, Twitch, Signal ва Reddit билан рақобатлашишга қарор қилган.

Январ ойида Маскнинг компанияси ижтимоий тармоқ биринчи навбатда видеога эътибор қаратишини эълон қилди. Маск, шунингдек, контент яратувчиларни барча видеоларини Х тармоғига жойлаштиришга чақирди ва у ерда рекламадан кўпроқ даромад олишларини даъво қилди.

2022 йил кузида Маск Twitter платформасини 44 миллиард долларга сотиб олди ва ижтимоий тармоқ номини Х деб ўзгартирди. Шундан сўнг бизнесмен овозли хабарлар ва видеоқўнғироқлар жорий этилишини эълон қилди, шунингдек, платформада барча шахсий хабарларни шифрлаш ҳам жорий этилди. Бошқа нарсалар қаторида, компания eToro савдо платформаси билан шартнома тузди ва фойдаланувчиларга криптовалюта, қимматли қоғозлар ва бошқа молиявий активлар билан савдо қилиш имкониятини берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид