Жаҳон | 20:24 / 12.03.2024
26193
6 дақиқада ўқилади

Россиянинг Украина билан чегара ҳудудларига диверсия уюштирилди

«Россияга озодлик» легиони ўз жангчилари Белгород ва Курск областлари «чегарасини кесиб ўтгани»ни маълум қилган. РФ мудофаа вазирлиги буни рад этиб, «ёриб ўтиш» амалга ошмаганини билдирди.

Фото: Видеодан кадр

12 март куни тонгда Россиянинг Белгород ва Курск областлари ҳудудларида россиялик ҳарбийлар ҳамда Украина томонидаги қуролланган тузилмалар ўртасида жанглар бошланди, деб хабар берган россиялик ҳарбий мухбирлар.

Россиялик ҳарбий блогер Семён Пегов муаллифлигидаги WarGonzo телеграм-канали «пикаплардаги қуролланган гуруҳлар» миномёт ва артиллерия зарбалари қўлловида Белгород областида чегарани бузиб ўтишга ҳаракат қилганини маълум қилган. Канал маълумотига кўра, чегарадан ёриб киришга уриниш Харкив областининг Одноробовка аҳоли яшаш манзили ҳудудидан амалга оширилган ва Белгород области томон 50 га яқин киши ҳаракатланган.

WarGonzo ёзишича, жанг натижасида қуролли гуруҳлар ўзларининг дастлабки позицияларига чекинган, бу ерда уларнинг устига «узоқ масофадан зарба бериш воситалари билан ўқ ёғдирилган». Ҳарбий мухбир тахминига кўра, бу ҳудудда фақат «Россия кўнгиллилар корпуси ва Сибир баталёни террорчилари ҳаракатланган».

Белгород областига ҳужум ҳақида ВГТРК корреспонденти Андрей Руденко ҳам хабар берган. Унинг сўзларига кўра, бу ерда „разведка жанглари“ бўлиб ўтган. Унинг тасдиқлашича, россиялик ҳарбийлар ҳужум қилганларнинг учта зирҳли транспортёрини йўқ қилган. Руденко Москва вақти билан тахминан соат 08:00 ларда „ҳозирда жанглар давом этмоқда“ деб ёзган. 

Руденко Курск областининг Теткино аҳоли яшаш манзилида ҳам чегарани бузиб ўтишга уриниш кузатилганини хабар қилган. Унинг маълумотига кўра, „душман кучларининг бир қисми яксон этилган, қолгани чекинган“. 

WarGonzo манбаси тасдиқлашича, Теткино ҳудудидаги биринчи жанг тахминан соат 8 да бошланган. Baza телеграм-канали ўқотар қуроллар воситасида олиб борилган жанг вақтида икки киши жароҳатлангани, улардан бири — маҳаллий аҳоли вакили эканини хабар қилган. 

„Старше Эдди“ ҳарбийлашган телеграм-канали Белгород областида „душман кучлари зирҳланган манёвр гуруҳлар, пиёдалар ва енгил техникалар билан Грайворонск йўналишида ёриб ўтишга ҳаракат қилгани“ ҳақида ёзган. „Давлат чегарасининг бир қанча участкаларида ўта шиддатли жанглар олиб борилмоқда“, — дейилган хабарда.

«Россияга озодлик» легиони раҳбари, «Цезар» лақабли Максимилиан Андронников бир гуруҳ жангчилар қуршовида туриб баёнот берди

„Россияга озодлик“ легиони танклар билан чегара кесиб ўтилиши акс этгани айтилган кадрларни намойиш этган. „Сибир баталёни“ ҳам „РФ ҳудудида кечаётган жанглар“ видеосини намойиш этган. Каналда жойлаштирилган видеолардан биридаги ҳарбий россияликларни президент сайловларида қатнашмасликка чақиради

Бу видеолар қачон ва қаерда олингани охиригача аниқ эмас, бу гуруҳларнинг хабарлари ҳақиқийлигини мустақил манбалар орқали тасдиқлаб бўлмайди.

Давлат думасининг собиқ депутати, айни вақтда Украинада яшаётган мухолифатчи сиёсатчи Иля Пономарёв „Россияга озодлик“ легиони, „Россия кўнгиллилар корпуси“ ва „Сибир баталёни“ „қўшма амалиёт доирасида“ Курск ва Белгород областларига киргани ҳақида хабар берди. 

Белгород области губернатори Вячеслав Гладков Грайворон шаҳар округи Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилганини маълум қилган. Регион раҳбари мудофаа вазирлигига ҳавола берган ҳолда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари округ ҳудудида „Вампир“ баравар ўт очиш реактив тизимининг саккизта реактив снаряди ва „Точка-У“ комплексининг битта ракетасини уриб туширганини айтган. Округ миномёт ва артиллерия зарбалари остида қолган, „вайронгарчиликлар бор“. Хусусан, Грайворон шаҳрида 11 та хусусий уй ҳамда бешта автомобил шикастланган.

Кейинроқ Курск области губернатори Роман Старовойт регион ҳудудига диверсия гуруҳи ёриб кирмоқчи бўлгани, отишма рўй бергани, аммо чегара бузиб ўтилмаганини хабар қилди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) украин қуролли тузилмалари Белгород ва Курск областларининг чегарадаги айрим аҳоли яшаш пунктларига киргани ҳақидаги хабарлар „ҳақиқатга тўғри келмаслиги“ни маълум қилди. Махсус хизматлар тасдиқлашича, 10 март кунидан буён Белгород ва Курск областларига кирмоқчи бўлган диверсия гуруҳлари юздан ортиқ киши, олтита танк, французларнинг Caesar русумли артиллерия қурилмаси ҳамда 20 дона жанговар зирҳланган машиналаридан айрилган.

Ўз навбатида, РФ мудофаа вазирлиги „украин террорчи тузилмалари“ 12 март куни соат учлар атрофида „фуқаролик объектлари интенсив ўққа тутилишидан кейин Россия ҳудудига уч йўналишда: Одноробовка, Нехотеевка ва Сподарюшинода Россия ҳудудларига бостириб киришга урингани“ни маълум қилди. „Украина қуролли кучларининг барча ҳужумлари қайтарилди, жиддий йўқотишларга учраган украин тузилмалари улоқтириб ташланди. Чегара бузиб ўтилишига йўл қўйилмади“, — дейилган вазирлик хабарида. Бундан ташқари, Курск областининг Теткино аҳоли яшаш пункти ҳудудига ёриб киришга уринган украин диверсия гуруҳларининг тўрт ҳужуми қайтарилди, дея қўшимча қилган идора. 

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси расмий вакили Андрей Юсов қуролли тузилмалар ҳужуми юзасидан муносабат билдирган. Унинг сўзларига кўра, Россия фуқароларидан таркиб топган бу тузилмалар „мутлақо автоном, мустақил ҳаракатланиб, ўз ижтимоий-сиёсий дастурларининг вазифаларини бажармоқда“. 

 

Мавзуга оид