Тўқаев Қозоғистон гербини ўзгартиришни таклиф қилди
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги гербни «идрок қилиш» жуда қийин, унда «эклектика ва совет даври белгилари мавжуд».
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат гербини ўзгартиришни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги гербни «идрок қилиш» жуда қийин, унда «эклектика ва совет даври белгилари мавжуд».
«Муҳокамалар чоғида бир қатор экспертлар, жамоатчилик фаоллари давлат рамзларининг бутун тизимини модернизация қилиш зарурлиги ҳақида гапирди. Ўйлайманки, кўк байроғимиз стилистик жиҳатдан бенуқсон, энг муҳими, мамлакатимизнинг ўзига хослиги ва идеалларини яққол акс эттиради», деди президент Атираудаги Миллий қурултойда.
Тўқаев сўзларига кўра, худди гаплар Қозоғистон мадҳиясига ҳам тегишли.
«Юртдошларининг турли ютуқлари туфайли унинг оҳанги бутун дунёда янгради. Оила ва дўстлар ўртасида Янги йилни мадҳиянинг ҳаяжонли садолари остида нишонлаш яхши анъанага айланган. Бошқача айтганда, мадҳиянинг сўзлари ва мусиқаси фуқароларимиз қалбидан ўрин олган», деди у.
Шундан сўнг президент янги давлат гербининг энг яхши эскизини яратиш учун очиқ танлов эълон қилишни таклиф этди.
«Мутахассислар ва манфаатдор фуқаролар, жумладан, ёшларнинг Қозоғистон гербини идрок қилиши жуда қийин, унда эклектика ва совет даври белгилари борлиги ҳақидаги асосли далилларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Агар умумий келишув бўлса, барча жиҳатларни моҳиятан кўриб чиқадиган ва жамоатчилик муҳокамасини ўтказадиган махсус комиссия тузиш мумкин бўларди», деди Тўқаев.
Қозоғистон Республикасининг давлат герби 1992 йилда қабул қилинган. Унда кўк фонда жойлашган ўтовнинг устки гумбазли қисми тасвири бўлиб, қуёш нурлари кўринишидаги таянчлар ҳар томонга таралади. Шунингдек, афсонавий тулпорлар қанотлари орасида беш қиррали юлдуз бор. Герб иккита рангга эга: олтин ва мовий.
Мавзуга оид
12:25
Ўзбекистон ва Қозоғистон мавсумий мева-сабзавотларни ўзаро етказиб беради
17:43 / 25.11.2024
Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолди
12:47 / 22.11.2024
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
16:29 / 19.11.2024