Ўзбекистон | 11:24 / 18.03.2024
32250
2 дақиқада ўқилади

Даврон Ҳидоятов янги лавозимга тайинланди

Муқаддам қўмита раиси, вилоят ҳокими лавозимларида ишлаган Ҳидоятов ўтган ҳафтада Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимини тарк этганди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари лавозимига тайинланган. Бу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлади.

У бу лавозимда 2020 йил январидан буён ишлаб келган ва шу кунларда бошқарув раисининг сотувни ривожлантириш ва маркетинг бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилган Сардор Тажиевнинг ўрнини эгаллаган бўлиши мумкин.

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996–2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004–2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида, 2005–2009 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

2014–2017 йилларда Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси раиси, 2017–2018 йилларда Чилонзор тумани ҳокими, 2018–2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Даврон Ҳидоятов 2021 йил январ ойидан Тошкент вилояти ҳокими бўлган, ўша йил ноябрида ишдан олиниб, Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимига туширилган эди. 2024 йил март ойида эса бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан шаҳар ҳокимлигини тарк этгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид