Ўзбекистон | 12:20 / 19.03.2024
28616
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдирилдими? - Ўзгидромет муносабат билдирди

Атмосферага сунъий таъсир ўтказилаётгани ҳақидаги хабарларни Ўзгидромет тасдиқламади. Сунъий ёмғир ёғдириш технологиясидан Ўзбекистонда охирги марта 2005 йил фойдаланилган.

Фото: Kun.uz

Об-ҳавонинг ўзгариб тургани фонида Ўзбекистонда атмосферага таъсир қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзгидромет бу хабарларни тасдиқламаслигини маълум қилиб, сунъий ёмғир ёғдириш технологияси Ўзбекистонда ноқулай об-ҳавога сабабчи эканини рад қилди.

Расмий муносабатда айтилишича, сунъий ёмғир ёғдириш технологиясидан Ўзбекистонда охирги марта 2005 йил байрам кунларида қулай об-ҳаво шароитларини яратиш мақсадида фойдаланилган. Бу технологиянинг асосий воситалари хориждан импорт қилингани сабаб иқтисодчилар томонидан маъқул кўрилганда амалга оширилади.

Шунингдек, атмосферадаги ўзгаришлар, баъзан мавсумга хос бўлмаган турли об-ҳаво шароитлари кузатилиши бу дунёдаги иқлим ўзгариши натижаси эканини ёзган иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.

Мутахассиснинг қўшимча қилишича, сунъий ёмғир ёғдириш билан боғлиқ атмосферага таъсир кўрсатиш нафақат Ўзбекистон, балки минтақада ҳам ҳали амалий бошланмаган (ўтган асрнинг 70-90 йиллари инобатга олинмаса). Қор кўчиши олдини олиш ёки баҳор-ёз мавсумида дўл ёғиши олдини олиш учун қўлланаётган “Алазан” снарядларини ҳавога отиш амалиётлари бу ҳаво оқимлари траекториясини сезиларли ўзгартириш кучига эга эмас. Шу билан бирга иқлимшунос бу йўналишда илмий сфера томонидан чуқур илмий изланишлар, минтақа шароити, сув тақчиллик прогнозлари, иқтисодиётидан келиб чиқиб, турли услубиятлар ишлаб чиқиш устида ишланаётганини ҳам маълум қилган.

Келгусида минтақанинг текислик ҳудудлари, ҳатто тоғ этаклари, тоғларида ҳам сунъий ёмғир ва шунга ўхшаш бошқа атмосферага таъсир кўрсатиш жараёнларига эҳтиёж юқори бўлади. Албатта, бу жараёнлар минтақада мамлакатлар келишуви, тинчлик йўлида амалга оширилади. Бу бўйича жаҳон миқёсида мажбуриятлар мавжуд”, – деб ёзган Абдулаҳатов. 

Мавзуга оид