Иқтисодиёт | 15:17 / 20.03.2024
32665
5 дақиқада ўқилади

“Истеъмолчи манфаатлари устунлигини ҳисобга олиш тарафдоримиз” — Рақобат қўмитаси BYD импортига чеклов ҳақида

Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов BYD импортини “тартибга солиш” масаласи қўмита томонидан ўрганиб чиқилиши ва тегишли таклиф киритилишини маълум қилди.

Фото: АОКА

Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов 20 март кунги матбуот анжуманида берилган саволга жавобан BYD бренди остидаги автомобиллар импортини чеклаш масаласи кўриб чиқилишига муносабат билдирди.

“Қарор билан мавжуд рақобат қонунчилиги ва Жаҳон савдо ташкилоти нормаларидан келиб чиқиб таклиф киритиш топшириғи берилган. Бу ҳолат бўйича ўрганиб чиқиб ўз таклифларимизни берамиз, албатта”, – деди Қаюмов.

Унинг сўзларига кўра, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига 2023 йилда истеъмолчилардан автомобиллар савдоси билан боғлиқ 957 та мурожаат келиб тушган ва бу мурожаатлардан 754 таси – 78,7 фоизи қаноатлантирилиб, 140 тасига тушунтириш берилган. Жами 4 млрд сўмдан ортиқ маблағлар ҳисоб-китоб қилиб берилган, 60 та автомобил сифатсиз бўлгани сабабли алмаштириб беришга ҳам эришилган. Бу борадаги мурожаатларнинг асосий қисми автомобил етказиб бериш муддатлари, етказиб берилган автомобиллар нуқсонли бўлгани билан боғлиқ, деди Асадулла Қаюмов.

“Эркин бозор тарафдоримиз. Рақобат нуқтайи назаридан энг мақбул нархларда, энг мақбул сифатда истеъмолчига етказиб берилиши учун шароитлар яратиш – бизнинг асосий вазифамиз. Шу нуқтайи назардан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бозорда мақбул рақобат муҳитини яратган ҳолда мақбул нархларда, мақбул сифатда автомобиллар етказиб бериш бўйича ўзимизнинг таклифларимизни ҳукуматга тайёрлаб берамиз”, – деди Рақобат қўмитаси раиси ўринбосари.

Қўмита раисининг яна бир ўринбосари Фаррух Қорабоевга кўра, BYD автомобиллари импортига чеклов ҳали киритилмаган – президент қарорида таклифлар ишлаб чиқиш ҳақида сўз боради.

“Бугунги кунда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокаралар жараёнида. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили эълон қилинган тегишли қарори билан, барча қабул қилинаётган қарор ва таклифлар мана шу аъзоликка таъсири бўйича баҳоланиши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, чеклов киритилиши нуқтайи назаридан аниқ фикрни айтишимиз эрта.

Ҳа, эълон қилинди. Ҳеч ким компаниянинг ҳукуматга мурожаат қилишини чеклолмайди. Ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект ўз фаолиятида эркин, ҳар қандай давлат органига мурожаат қилиши, таклиф киритиши мумкин”, – деди у.

Фаррух Қорабоевнинг сўзларига кўра, бу масала бўйича “мувозанатли таклиф ишлаб чиқилиши керак бўлади”

“Қанақадир кафолатлар ёки техник жиҳатдан тартибга солиш қоидаларига мувофиқлиги бўйича деярли назорат ёки тартибга солиш амалга оширилмаяпти. Бу бир тарафдан, истеъмолчилар учун қулай, чунки арзонроқ нархда кириб келади. Биласизлар, расмий дилерларнинг тегишли харажатлари бор. Автосалони бўлиши керак ва ҳоказо”, – деди у.

Рақобат қўмитаси раиси ўринбосарига кўра, “қайсидир хўжалик юритувчи субъектнинг фикри билан бирданига чекловлар ўрнатилишини қабул қилиб бўлмайди”. Унинг ишонч билдиришича, мавжуд вазият бўйича “мувозанатли қарор қабул қилинади”.

“Бордики ўша қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, “Рақобат тўғрисида”ги янги қонунда етарли механизмлар бор. Ҳар қандай хўжалик юритувчи субъект агар устун мавқега эга деб топилса, ўз устун мавқейини суиистеъмол қилишини чеклаш бўйича етарли механизмларимиз бор. Монопол юқори нархни белгиламаслик, истеъмолчилар манфаатларини камситиш, рақобатга зид ҳаракатлар кабилар бўйича янгиланган қонун жуда катта ҳуқуқий кучга эга”, – дея қўшимча қилди Фаррух Қорабоев.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзавтосаноат” билан бирга Ўзбекистонда электромобил ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган Хитойнинг BYD компанияси аввалроқ ҳукуматга мурожаат қилиб, BYD бренди остидаги автомобилларнинг Ўзбекистонга “тартибсиз импорти”ни чеклашни сўрагани маълум бўлганди.

18 март куни имзоланган президент қарори билан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖга 2024 йил 1 июлга қадар рақобат қонунчилиги ва Жаҳон савдо ташкилотининг тамойилларидан келиб чиқиб BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Мавзуга оид