Жаҳон | 13:24 / 20.03.2024
3968
3 дақиқада ўқилади

Эстония бош вазири ҳамкорларни мудофаа харажатларини оширишга чақирди

Эстония бош вазири Кая Каллас НАТО ҳамкорларини Россияни заифлиги билан ҳужумга чорламаслик учун мудофаа харажатларини оширишга чақирди. Каллас Берлинда Валтер Ратенау мукофотини олди.

Кая Каллас Фото: FinnishGovernment

Эстония бош вазири Кая Каллас Европа ва НАТОдаги ҳамкорларни Россиянинг Украинага қарши давом этаётган урушига жавобан мудофаа харажатларини оширишга чақирди. Эстониянинг ўзи аллақачон ялпи ички маҳсулоти 3,2 фоиздан ортиғини мудофаага сарфламоқда, деди Каллас 19 март, сешанба куни Берлинда. 

Эстония бош вазирига кўра, Шимолий Атлантика алянсининг бошқа аъзолари ҳам шундай қилиши керак – акс ҳолда улар ўз кучсизлиги билан Россияни ҳужумга чорлаши хавфи бор. «Агар у (Россия) ғалаба қозониши мумкин деб ўйласа, унда ҳаракат қилишни бошлаши мумкин. Агар у бизнинг етарлича кучли эканлигимизни тушунса, НАТОга қарши қадам ташламайди. Ва шунинг учун биз бу жамоавий саъй-ҳаракатларни биргаликда қилишимиз керак». - деди Кая Каллас. 

У Эстониядан кўра тинчроқ қўшнилари бўлган мамлакатлар аҳолисига нега мудофаа харажатларини ошириши кераклигини тушунтириш қийин бўлиши мумкинлигини тан олди. «Аммо бу нима учун кераклигини чиндан ҳам ҳис қилганингизда, жуда кеч бўлади. Бу мудофаа муаммоси», - дея эстониялик сиёсатчининг сўзларини келтиради dpa агентлиги. 

Германия парламенти фракцияси раҳбари Ролф Мютцених томонидан илгари сурилган Украинадаги урушни «музлатиш» бўйича таклифларни шарҳлар экан, Каллас шундай деди: «Зўравонликка тўла дунёда пацифизм, оддий қилиб айтганда, ўз жонига қасд қилишдир».

Каллас Валтер Ратенау мукофотига сазовор бўлди

19 март куни Берлинда Кая Каллас Валтер Ратенау мукофотини ҳам олди. 1922 йилда ўнг қанот жангарилар томонидан ўлдирилган Германия ташқи ишлар вазири номи билан аталган ушбу мукофот ташқи сиёсатдаги улкан ютуқларни эътироф этади. Каллас ушбу мукофотга «Европа давлатлари ўртасида ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги хизматлари ва Россиянинг Украинадаги урушига нисбатан аниқ позицияси учун» лойиқ кўрилди. Эстония бош вазирига мукофотни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок топширди.

Маросимдаги нутқида Каллас Украинани Россиядан ҳимоя қилишда қўллаб-қувватлаш муҳимлиги ҳақида гапирди. «Бу сафар қурбонлар украиналиклар бўлди, эртага у бошқа биров бўлиши мумкин», деди у.

Мавзуга оид