Ўзбекистон | 11:53 / 20.03.2024
44608
2 дақиқада ўқилади

Логопед Дилором Жабборовага нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди

Ўтган йил декабрида у Жиззахда дудуқланган болани қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видео тарқалганди.

Фото: Видеодан кадр

Дефектолог, логопед Дилором Жабборовага нисбатан дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани туфайли жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда болалар омбудсмани хабар берди.

Ўтган йил декабр ойида у Жиззах шаҳрида ўтказилган семинар давомида бир болани даволаётгани акс этган видео тарқалган ва ҳолат омбудсман назоратига олинганди.

Дилором Жабборованинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўров асосида дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўрганиш ўтказган.

Натижада педагогнинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда экани, Жабборованинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган, дейилади омбудсман хабарида.

Экспертлар ишчи гуруҳи хулосаси ва аниқланган бошқа ҳолатлар асосида унинг ҳаракатларида алдаш ва одамлар ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган.

27 феврал куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид