Россия Украинанинг энергетика инфратузилмаларига ҳужум қилди. Бу уруш бошидан буён энг кенг кўламлиси
Днипро ГЭС тўғонига зарба келиб тушган, Харкив электрсиз қолган. Бу уруш бошидан буён Украина энергия тизимига қилинган энг йирик ҳужум бўлгани айтилмоқда.
Россия армияси Украинага навбатдаги ёпирилма ракета зарбаларини йўллади. 22 мартга ўтар кечаси бутун мамлакат ҳудудлари бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган.
Энергетика вазири Герман Галушенко россияликларнинг бу сафарги зарбаларини сўнгги вақтларда Украина энергетика тизимига қилинган энг кенг кўламли ҳужум деб атаган. «Мақсад — шунчаки шикастлантириш эмас, балки ўтган йилда бўлгани каби мамлакат энергия тизими фаолиятида кенг миқёсли узилишлар келтириб чиқаришга уринишдир», — дея ёзган вазир фейсбук саҳифасида.
Вазирнинг сўзларига кўра, турли областларда ишлаб чиқариш иншоотлари, электр узатиш ва тарқатиш тизимларида зарбалар ва шикастланишлар қайд этилган. Қатор регионларда электр таъминотида узилишлар юзага келган.
Харкивда РФ ҳарбийлари энергетика инфратузилмалари бўйлаб 15 дан ортиқ зарбалар йўллади, дея хабар қилган област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов. Шаҳар амалда тўлиқ электр ва ичимлик сув таъминотисиз қолган.
Запорижжяда россиялик ҳарбийлар 12 та ракета зарбаси берган, дегган област маъмурияти раҳбари Иван Федоров. Дастлабки маълумотларга кўра, еттита уй вайрон бўлиб, яна 35 таси шикастланган. Яраланганлар бор.
Шунингдек, Запорижжя АЭС фаолияти тўхташ ёқасига келган — ҳужум вақтида оккупация остидаги АЭСни Украина энергия тизими билан бирлаштириб турувчи «Днепровская» ташқи ҳаво электр узатиш линияси узилган.
Днипропетровск областининг Кривий Риҳ шаҳрида дронлар ва ракеталарнинг биргаликдаги ҳужуми натижасида критик инфратузилма объектлари шикастланган, деб хабар қилган шаҳар мэри Олександр Вилкул. Шаҳарда авариявий ўчириш жадваллари жорий этилган. Шифохоналар ва бошқа муҳим инфратузилма объектларида генераторлар ёқилган.
«Днипро, Кривий Риҳ, Павлоград ва Каменск ҳудудларида энергетика объектлари шикастланган. Портлаш тўлқини уйларнинг ойналарини синдириб юборган. Свет ва сув таъминотида муаммолар бор. Ўчириш жадваллари жорий қилинади», — дея ёзган Днипропетровск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак.
Z-каналлар ҳам ДнипроГЭС бўйлаб зарба ҳақида хабар беришган. Оккупация остидаги Мариупол шаҳрининг Украина томонидан тайинланган қонуний мэри Петро Андрюшенконинг маълум қилишича, Россия ракетаси Днипро ГЭС тўғони бўйлаб ҳаракатланган троллейбусга келиб урилган. Унинг сўзларига кўра, троллейбусда ишга кетаётган тинч аҳоли вакиллари бўлган. Андрюшенко зарба оқибатлари акс этган фотони намойиш этган. ГЭС ҳудудида ҳаракат тўхтатилган.
«Укргидроэнерго» хабарига кўра, зарба гидротехник иншоотлар ва Днипро ГЭС тўғонига берилган. Станцияда ёнғин чиққан. «Сув тошиб чиқиши хавфи йўқ. Станция тўғонидаги вазият назорат остида», — дейилади идора хабарида.
Суми областида энергия тизими объектларига зарбалар оқибатида Суми, Конотоп ва Шосткинский районларида электр жадвал бўйича ўчирилмоқда.
Шунингдек, Винница, Лвив, Ивано-Франковск, Миколайив областларида ҳам муҳим инфратузилма объектларига зарбалар келиб тушган.
Хмельницкийда россияликлар зарбасидан кейин инфратузилма объектлари ва турар жойлар шикастланган, тинч аҳоли орасида қурбонлар ва жабрланганлар бор, дея хабар берган шаҳар мэри Олександр Симчишин.
Полтава областида ракета парчалари Миргород районидаги учта хусусий уй томига шикаст етказган, жароҳат олганлар йўқ. Регионда нимстанциялар профилактик ўчирилиб, аҳолига электр таъминотида чекловлар киритилган.
Шунингдек, Кировоград областида ҳам Украина энергия тизимида балансни сақлаш учун авариявий ўчиришлар жорий этилган. Регионда критик инфратузилма объектларида шикастланиш ва фаолияти тўхтатилиши қайд этилмаган.
Володимир Зеленский Россия қўшини тунда Украина регионлари бўйлаб 60 дан ортиқ дрон ва турли типдаги 90 га яқин ракета учирганини маълум қилди.
«Дунё Россия террорчиларининг мақсадини максимал даражада аниқ кўриб турибди: электр станциялар ва энергия етказиб бериш линиялари, ГЭС тўғони, оддий уйлар, ҳатто троллейбус. Россия одамларнинг кундалик ҳаётига қарши жанг қилмоқда», — дея ёзган Украина президенти телеграмда.
«Россия ракеталарида бизнинг давлатга ёрдам пакетларидаги каби тўхталишлар йўқ. «Шаҳид»ларда айрим сиёсатчилардаги каби қатъиятсизлик йўқ. Тўхталишлар ва кечиктирилган қарорларнинг қийматини тушуниш лозим. «Пэтриот» тизимлари Харкив ва Запорижжяни ҳимоя қилиши керак, одамлар, инфратузилмалар, уйлар ва тўғонларни ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари даркор. Ҳамкорлар нима кераклигини аниқ билишади. Ёрдам бера олишлари аниқ. Шундай ечимлар керак. Одамлар ҳаёти Москвадаги жоҳиллардан ғимоя қилиниши керак», — дея давом этган у.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024