Ўзбекистон | 22:21 / 25.03.2024
22545
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Наманганда ифторлик қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Наманган вилоятига ташрифи чоғида бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган ифторликда иштирок этди.

25 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Наманган вилоятидаги эҳсонга Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мусулмонларини Рамазон ойи билан яна бир бор табриклади.

– Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли юртдошларимизга ташаккур айтди.

Кейинги йилларда хорижда ўқиётган ва ишлаётган ватандошларимизга ҳам муносабат ўзгарди. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, уларни Ватанимизга қайтариш, иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш, оила аъзолари ва фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Яқинда 40 дан зиёд уламолар Россия, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Мисрга сафарга юборилди. У ерлардаги ватандошларимизни дин-у диёнатга даъват этиш билан бирга, ҳозирги таҳликали вазиятда огоҳ бўлиб, қонунларни ҳурмат қилиш, ёмон йўлларга кирмаслик зарурлиги ҳақида суҳбатлар қилишди.

Давлатимиз раҳбари чет элдаги юртдошларимизни ҳам улуғ айём билан табриклаб, уларга соғлиқ-омонлик ва омад тилади.

Маълумки, янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган муҳим қоида белгилаб қўйилган. Шу асосда мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган.

Бу ҳақда сўзлар экан, Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий бобомизнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай” деган ҳикматини ёдга олди.

Бундай қараш муқаддас динимизнинг асл инсоний моҳияти билан ҳамоҳангдир. Ҳақиқатан ҳам, чинакам мусулмон ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўради.

Мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга саъй-ҳаракатлар моҳияти айтиб ўтилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида энг эзгу тилакларини билдирди.

– Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин, – деди президентимиз.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, Аллоҳ таолодан халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуолар қилинди.

Видеолар

Мавзуга оид