Ўзбекистон | 22:27 / 29.03.2024
23660
2 дақиқада ўқилади

Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигига директор тайинланди 

Энди «Ўзатом» раҳбари энергетика вазирининг биринчи ўринбосари ҳам бўлади. Энергетика вазирига яна икки янги ўринбосар тайинланди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги раҳбариятида кадрлар ўзгарди. Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Исроилович Аҳмадхўжаев Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори («Ўзатом») этиб тайинланди.

У энди энергетика вазирининг биринчи ўринбосари – Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги директори ҳисобланади.

Азим Аҳмадхўжаев 1979 йилда туғилган, 2002 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2011 йилдан Миллий банк бошқаруви раиси ўринбосари, раиснинг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган, 2016 йил май ойидан 2017 йил мартигача «Асака» банкини бошқарган.

2017–2018 йилларда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган. 2018 йил февралидан августигача Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири бўлган. Жиззах вилояти ҳокимига ўринбосар бўлиб кетишидан олдин Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги рақамли иқтисодиёт ва блокчейнни ривожлантиришга масъул лавозимда ишлаган.

2019–2021 йилларда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, 2021 йил август ойида энергетика вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигига 2023 йил августидан буён Баҳром Мансуров раҳбарлик қилиб келганди, у бошқа ишга ўтиши сабабли ўз лавозимини тарк этган.

Бахтиёр Рустамович Маматкаримов энергетика вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Андижон тумани ҳокими, «Ўзтрансгаз» бошқаруви раисининг молия ва маркетинг бўйича ўринбосари, шунингдек, «Ўзлитинефтгаз» раҳбарининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Бахтиёр Маматкаримов

Азизхўжа Очилович Қобилов энергетика вазири ўринбосари этиб тайинланди. Бунгача у тоғ-кон саноати ва геология вазирига маслаҳатчи ва ўринбосар бўлиб ишлаган, ундан аввал Президент администрацияси ходими бўлган.

Азизхўжа Қобилов

Мавзуга оид