Ўзбекистон | 20:29 / 01.04.2024
5793
2 дақиқада ўқилади

АҚШга ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Жиззахнинг Зафаробод тумани ва Навоий шаҳрида Америкага ишга юборишни ваъда қилиб одамлардан 20 минг ва 14 минг доллар олган шахслар қўлга олинди. Аввалроқ бундай шахслардан бири Тошкентда 16 минг доллар билан ушланганди.

Фото: Бош прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Америка Қўшма Штатларига ишга юборишини айтиб одамлардан пул олган шахсларни қўлга олди.

Департаментнинг Жиззах вилояти Зафаробод туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Қ. фуқаро Б.Б.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида АҚШга ишга юбориши эвазига 20 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Т. фуқаро М.Ш.нинг ишончига кириб, уни Мексика орқали АҚШга ишга юбориши эвазига 14 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган .

Бу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Март ойи ўрталарида бундай шахслардан бири Тошкентда 16 минг доллар билан ушланганди.

АҚШ томони маълумотларига кўра, 2021 йилнинг октябридан 2023 йилнинг октябрига қадар Қўшма Штатлар чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган 13 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид