Ўзбекистон | 14:22 / 01.04.2024
89744
3 дақиқада ўқилади

Шаҳрисабзда самбочи Тўра Авлоқулов отиб кетилди

Қашқадарёда самбочи Тўра Авлоқулов қўлбола усулда ясалган қуролдан олган жароҳати оқибатида шифохонада вафот этди. Унга ўқ узган фуқаро ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлганида ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланган.

Фото: Olamsport

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида фуқаро ўзига аввалдан таниш бўлган самбочи Тўра Авлоқуловни отиб қўйди. Ҳодиса қўлбола усулда ясалган қуролда содир этилган. 

Бош прокуратуранинг Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, ҳодиса 2024 йилнинг 29 март куни содир бўлган.  

Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи фуқаро Damas автомобилида кетаётганда ўзига олдиндан таниш бўлган бошқа бир шахсни кўриб қолиб, биргаликда кафега борган ва спиртли ичимлик истеъмол қилган. Улар бир соатлардан сўнг кафедан чиқиб Тўра Авлоқуловни кўриб қолган ва уни ҳам автомашинага миндириб, бошқа кафега борган.

Фуқаролар кафеда пулни тўлаш устида тортишиб қолган. Фуқаро таниши Тўра Авлоқуловга йўлда келаётган пайтда 50 минг сўм пул берганини, шу боис овқатланиш харажатини тўлиқ тўлашини айтган. У ҳамма пулни тўламаслигини билдириб, олган 50 минг сўм пулини қайтариб берган. Фуқаро пулни олмасдан, унга жаҳл қилиб, автомобилидан қўлбола усулда ясалган қуролни олиб, шеригининг бошига бир марта ўқ узган. 

Натижада, Тўра Авлоқулов олган тан жароҳати оқибатида Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Унга ўқ узган фуқаро ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, автомашинаси билан кетаётганида ҳодиса жойидан тахминан 500 метр узоқликда туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган.

Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси маълумотномасида Тўра Авлоқуловнинг танасида оғир очиқ тешиб ўтувчи бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синган жароҳати, чап қош устида эзилиб йиртилган кўринишида тан жароҳатлари борлиги, аҳволи ўта оғир даражада эканлиги қайд этилган. У шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми “д” ва “л” бандлари (безорилик оқибатида, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид