Жаҳон | 19:24 / 02.04.2024
11839
3 дақиқада ўқилади

Истанбулда ёнғин: камида 29 киши ҳалок бўлган

Бинонинг ертўла қисмида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганди.

Фото: Anadolu

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги турар жой биносида сешанба куни рўй берган ёнғин оқибатида 29 киши ҳалок бўлган.

Бунгача ҳудуд губернатори Довуд Гул ҳодиса оқибатида 25 киши ҳалок бўлиб, уч киши оғир жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилганини маълум қилганди.

«Ёнғин қурбонлари сони 29 кишига етди. Ёнғин вақтида жароҳатланган бир кишини даволаш ишлари давом эттирилмоқда, бинода ҳам иш олиб борилмоқда», – деган у.

Унинг хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 12:47 да Ғайраттепа туманидаги 16 қаватли турар жой биносининг ертўласида таъмирлаш ишлари олиб борилаётган маҳалда ёнғин чиққан. Ертўланинг икки қаватида Masquerade номли тунги клуб жойлашган эди.

Тунги клубга кириш жойи. Фото: REUTERS

Ғайраттепа Истанбулнинг марказий тумани бўлмиш Бешиктош таркибига киради.

Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонларнинг кўпчилиги – клубда иш олиб бораётган қурувчилар бўлган.

Расмийлар ёнғин сабабини ўрганиш бўйича текширув олиб бормоқда. Маҳаллий нашрларга кўра, иш доирасида беш киши қўлга олинган.

Оловни ўчириш учун жами 80 дан ортиқ ўт ўчирувчи ва 30 та техника жалб этилган.

Истанбул мэри Акром Имомўғли воқеа жойига келиб, қурбонлар ва жабрланганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган. 

«Қурбонлар сони ошмаслигига умид қиламиз», – деган у.

Истанбул губернатори Довуд Гул ҳам текширувчилар билан биргаликда ёнғин жойига келган ва журналистларга ёниб кетган муассаса учун лицензия 1987 йилда берилгани ва 2018 йилда муддати узайтирилгани ҳақида маълум қилган.

У бинода портлаш рўй бергани эҳтимолини истисно этган.

Мавзуга оид