Жаҳон | 12:41 / 05.04.2024
5385
3 дақиқада ўқилади

Запорижжя АЭСда навбатдаги блэкаут юз бериши мумкин

Россиянинг ўққа тутиши натижасида Запорижжя АЭС ва Украина энергетика тизимини боғловчи электр узатиш линияси ўчирилди. Бу фавқулодда вазият юз бериши билан таҳдид солади, дея маълум қилди Украинанинг «Энергоатом» ширкати.

Фото: Picture Alliance

Россиянинг 4 апрел, пайшанба куни маҳаллий вақт билан соат 10:06 да ўққа тутиши натижасида 330 кВ кучланишли «Запорижжя ИЭС - Ферросплавная» электр узатиш линияси ўчирилди. Россия ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) у орқали Украина энергия тизимидан қувват олаётганди. Бу ҳақда Украинанинг «Энергоатом» ядровий энергия ишлаб чиқарувчи миллий компанияси хабар берди

Электр узатиш линияси ишидаги узилиш «фавқулодда вазият келиб чиқиши билан таҳдид солади», дея маълум қилди «Энергоатом». Компания таъкидлашича, айни пайтда Европанинг энг йирик атом электр станцияси Украина энергетика тизимига фақат битта - 750 кВ «Днипропетровская» электр узатиш линияси орқали уланган, у 22 мартга ўтар кечаси Россиянинг Украина энергетика тизимига қилган энг йирик ҳужумидан кейин тикланган. У ҳам ўчирилган тақдирда, Запорижжя АЭС яна бир тўлиқ блэкаутга дуч келади - ядро ёнилғисининг реакторлар ва совитиш ҳавзаларида хавфсиз ҳолатда сақланишига таҳдид мавжуд бўлган вазият. 

Айни пайтда, Запорижжя АЭСни амалда назорат қилувчи Россия давлат корпорацияси «Росатом» электр узатиш линиясининг узилиши сабаблари «аниқланаётгани»ни ва Запорижжя атом электр станциясидаги ускуналар «радиациявий хавфсизлик стандартлари қатъий назорати остида»лигини таъкидлади.

АЭХА: Запорижжя АЭСда деярли барча хавфсизлик протоколлари бузилган 

Март ойи бошида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбари Рафаэл Гросси Россия ҳарбийлари назорати остидаги Запорижжя АЭСда АЭХАнинг еттита ядровий ва жисмоний хавфсизлик протоколларидан олтитаси тўлиқ ёки қисман бузилганини айтди. 7 март куни АЭХА бошқарувчилар кенгаши Запорижжя атом электр станциясидан россиялик ҳарбийлар ва бошқа ходимларни зудлик билан олиб чиқиб кетиш ва уни зудлик билан Украина ваколатли органларининг тўлиқ назоратига қайтаришни талаб этувчи резолюция қабул қилди. Кремл АЭХАнинг чақириғини рад этиб, уни «Россия суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳужум» деб атади. 

2022 йил 4 мартдан бери Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станцияси ўз ҳудудидан ташқаридаги электр узатиш линиялари шикастлангани сабабли саккиз марта электр таъминотдан ўчирилган.

Мавзуга оид