Ўзбекистон | 09:50 / 07.04.2024
13537
2 дақиқада ўқилади

«Ҳисор» қўриқхонасида ноёб қор қоплонлари фотоқопқонга тушди

Тасвирга тушган 4 нафар қор қоплони бир оилага мансуб бўлгани айтилмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тасарруфидаги «Ҳисор» давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқон объективига ноёб қор қоплонлари гуруҳи муҳрланган.

Қўриқхона матбуот хизматининг хабар беришича, фотоқопқонга тушган мазкур тўрт нафар қор қоплони бир оила вакиллари ҳисобланади.

Маълумот учун, қор қоплони – Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган дунё миқёсидаги ноёб тур ҳисобланади.

Шунингдек, у СITES - йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция рўйхатига киритилган. Қор қоплонини овлаш қатъиян тақиқланган.

Қор қоплони Ўзбекистондан ташқари Хитой, Непал, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Бутан каби давлатлар ҳудудида учрайди.

Мушуксимонлар оиласига мансуб бу ноёб жониворни мамлакатимизда муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, «Ҳисор» давлат қўриқхонасида қор қоплонининг эркин яшаш тарзи ва кўпайиши учун доимий муҳофаза чоралари амалга ошириб келинади.

«Ҳисор» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонлар феврал ва март ойларида ҳам уч марта қор қоплонини тасвирга олганди.

Мавзуга оид