Жаҳон | 10:34 / 09.04.2024
4553
2 дақиқада ўқилади

Смоленск вилоятида кўприк қулаши: бир аёл ҳалок бўлди

Смоленск вилоятининг Вязма шаҳрида Панин йўл ўтказгичи қулаб тушди, икки машина кўприкдан пастга тушиб кетди. Темирйўл бўйлаб ҳаракат тўхтатилиб, 9 мингга яқин аҳоли газсиз қолди.

Фото: Telegram / vsmolenske

Смоленск вилояти Вязма шаҳрида Панин автомобил кўприги темирйўл устига қулаб тушиши оқибатида унинг устида кетаётган иккита автомобил пастга тушиб кетди. Натижада 8 апрел, душанба куни автомобилда бўлган аёл ҳалок бўлди. Юк машинаси ҳайдовчиси оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Жами беш киши жабрланди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси матбуот хизмати. «Беш нафар жабрланувчи Вязма марказий туман касалхонасига ётқизилди, улардан бири - 2010 йилда туғилган бола. Жабрланганларнинг аҳволи ўртача ва оғир. Ҳаммаси кўплаб тан жароҳатлари олган», — дейилади вилоят Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

9 мингга яқин аҳоли газсиз қолди

Бундан ташқари, йўл ўтказгичнинг қулаши натижасида газ таъминоти тармоқларига шикаст етган, дея хабар беради Смоленск вилояти уй-жой коммунал хўжалиги, энергетика ва тариф сиёсати вазирлиги. «Вязма ва Тёмкина туманлари истеъмолчилари газдан узилди. Бу - 69 юридик шахс, бешта қозонхона ва 8,8 мингга яқин жисмоний шахслар. Коммунал хизматлар кучайтирилган иш режимига ўтказилди», — дейилади хабарда.

Тахминан соат 17:00 да Вязма шаҳрида Панин йўл ўтказгичи қулаб тушди ва Вязма - Семлёво участкасидаги темирйўлларга зарар етказди. Москва-Минск йўналишида поездлар ҳаракати тўхтатилди. ОАВ таъкидлаганидек, ҳарбий юклар ҳам ушбу йўналиш бўйлаб етказилган.

Одам ўлимига сабаб бўлган воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар берди Россия Тергов қўмитаси. Йўлларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Смоленск вилояти губернатори Василий Анохин Telegram’да «вазиятни шахсий назоратга олгани» ва воқеа жойига борганини ёзди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоят бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, тиклаш ишларига 133 нафар мутахассис ва 23 та техника, жумладан, РФ Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жалб қилинган. 

Мавзуга оид