Жаҳон | 10:44 / 12.04.2024
22556
10 дақиқада ўқилади

Фазовий пойга қурбонлари – ҳалок бўлган космонавтлар ва астронавтлар

Ҳар йили 12 апрел куни дунёнинг кўплаб давлатларида инсон илк марта фазога учган кун сифатида эсланади. Шу куни Юрий Гагарин коинотга чиққан эди. Кейинчалик СССР ва АҚШ ўртасида фазовий пойга бошланади. Бу йўлда муваффақиятли парвозлар билан бирга кўплаб йўқотишлар ҳам бўлган.

Фото: Kun.uz

Инсоннинг илк марта фазога парвоз қилганига бу йил 62 йил тўлди. 1961 йил 12 апрел куни совет фуқароси бўлган Юрий Гагарин фазога чиққан эди.

Ўшандан сўнг дунёнинг иккита давлати СССР ва АҚШ ўртасида фазовий пойга бошланади ва у 1991 йил СССР парчаланиб кетгунча давом этади.

Ҳар икки давлат турли тадқиқотлар учун ҳар йили миллиардлаб доллар сарфлар ва юзлаб парвозларни амалга оширарди. Гагариннинг парвозидан кейин ҳар икки томон фазога одам учиришга зўр беришади.

Парвозларнинг барчаси ҳам муваффақиятли кечмасди. Бирида фазогирлар ўтирган космик кема учиш чоғида, бошқасида ортга қайтиб тушаётганда ҳалокатга учрарди.

Қуйида инсоннинг илк марта фазога учиши тафсилотлари ва ҳалок бўлган космонавтлар ва астронавтлар ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.

Владимир Комаров – 1967 йил 24 апрел.

Владимир Комаров Гагарин билан бирга

Владимир Комаров фазога парвоз қилиб ҳалок бўлган илк космонавт ҳисобланади. 1967 йил 23 апрел куни Комаров иккинчи марта Союз-1 космик кемаси билан фазога парвоз қилади. (Биринчи парвози 1964 йилда бўлган.)

Парвоз вақтида космик кемада бир нечта носозликлар кузатилади. Шу сабабли Комаровга Ерга қайтиб тушишга буйруқ беришади.

Парвоздан бир суткадан сал кўпроқ вақт ўтганда Союз-1 Ерга қайтиб туша бошлайди. Ана шу жараёнда Ер сиртига яқинлашганда унинг парашюти очилмайди.

Космик кема Оренбург вилояти ҳудудида Ерга жуда қаттиқ зарб билан урилади ва ёниб кетади. Оқибатда 40 ёшли Комаров ҳалок бўлади.

Майкл Адамс – 1967 йил 15 ноябр.

Майкл Адамс

Майкл Адамсни аслида астронавт ҳам деб бўлмайди. У асосан ракетоплан билан Ер юзасидан бироз баландда синов парвозларида иштирок этган.

У дастлабки синов парвозини Х-15 ракетоплани билан 1966 йил октябрда амалга оширади. 1967 йил ноябрда у Х-15 ракетоплани билан навбатдаги марта парвоз қилади.

У Х-15 билан Ерга қайтиб тушаётганда атмосферанинг зич қатламига кирган ракетоплан ҳавода парчаланиб кетади. Оқибатда 37 ёшли Майкл ҳалок бўлади. Шундан сўнг НАСА уни астронавтлар сафига киритади.

Георгий Доброволский, Владислав Волков, Виктор Пацаев – 1971 йил 30 июн

Георгий Доброволский, Виктор Пацаев ва Владислав Волков (чапдан ўнгга). Фото: Александр Моклецов / РИА Новости

1971 йил 7 июн куни СССР Союз-11 космик кемасини уч нафар космонавт билан фазога учиради. Георгий Доброволский, Владислав Волков, Виктор Пацаев бўлган космик кема 29 июн куни ортга қайтишга қарор қилади.

Союз-11 Ерга қайтиб тушаётганида космик кеманинг герметизациясида носозлик юз беради. Оқибатда Союз-11нинг ичида атмосфера босими тушиб кетади ва космонавтлар ҳалок бўлади.

Союз-11 Ерга қайтиб тушганидан сўнг уни қидириб топишганда космонавтлар ўз ўриндиғида хавфсизлик камари тақилган ҳолда ўтирарди. Ўша пайтда Доброволский 43 ёшда, Волков 36 ёшда, Пацаев 38 ёшда бўлган.

Грегори Жарвис, Криста Маколифф, Роналд Макнейр, Эллисон Онидзука, Жудит Резник, Майкл Смит ва Френсис Скоби – 1986 йил 28 январ.

Фото: alamy.com

1986 йил 28 январ куни НАСА томонидан учирилган ва ичида 7 нафар астронавт бўлган Челленжер шатли парвоздан бир неча сония ўтиб ҳалокатга учрайди.

Аслида бу космик кема 22 январ куни парвоз қилиши керак эди. Бироқ техник сабабларга кўра парвоз аввалига 23, сўнг 24, охирида 25 январга кўчирилади. Бироқ барибир парвоз белгиланган муддатда амалга ошмайди.

Парвоздан аввалги назоратда шатлда техник муаммолар борлиги аниқланади. Уни тузатиш бироз вақт олишини инобатга олиб парвозни 27 январ кунига белгилашади. Бироқ техник ходимлар муаммони бартараф этишни кечиктиришади ва парвоз 28 январга кўчирилади.

Парвоз вақтида ҳаво ҳарорати -1 даража совуқ эди. НАСА ўшангача +12 даража илиқ ҳавода парвозларни амалга оширган, совуқда биринчи парвоз амалга оширилаётганди.

Бу астронавтлар Челленжер шатли билан парвозни бошлагандан 73 сония ўтиб, космик кема Ер сатҳидан 15 км баландликда бўлганида унинг ёқилғи сиғими портлайди. Ҳодисага парвоз пайтида ҳаво ҳароратининг пастлиги сабаб бўлган.

Оқибатда барча астронавтлар - Грегори Жарвис, Криста Маколифф, Роналд Макнейр, Эллисон Онидзука, Жудит Резник, Майкл Смит ва Френсис Скоби ҳалок бўлади. Уларнинг икки нафари Криста Маколифф ва Жудит Резник аёл бўлган.

Рик Ҳасбанд, Уилям Маккул, Майкл Андерсон, Дэвид Браун, Калпана Чавла, Лорел Кларк, Илан Рамон – 2003 йил 1 феврал.

Фото: alamy.com

Америкалик астронавтлар билан боғлиқ яна бир фожиали ҳодиса 2003 йил 1 феврал куни содир бўлади. Кўп марта фойдаланса бўладиган Колумбия шатли Ерга қўнаётганда ёқилғи сиғимида носозлик рўй беради.

Оқибатда космик кема портлаб кетади ва унда бўлган олти нафар астронавт - Рик Ҳасбанд, Уилям Маккул, Майкл Андерсон, Дэвид Браун, Калпана Чавла, Лорел Кларк, Илан Рамон ҳалок бўлади. Астронавтлардан икки нафари, Калпана Чавла ва Лорел Кларк аёл бўлган.

Мазкур ҳодиса космонавт ва астронавтлар билан боғлиқ бўлган сўнгги ҳалокат эди. Ўшандан буён одам ўлими билан боғлиқ бошқа ҳодиса содир бўлмади.

Парвозга тайёргарлик пайтида ҳалок бўлганлар

Космик тадқиқотлар бошлангач жами 8 нафар космонавт ва астронавт парвозга тайёргарлик кўришда ҳалок бўлган. Улардан бир нафари совет фуқароси, етти нафари америкалик бўлган.

Валентин Бондаренко – 1961 йил 23 март.

Фото: alamy.com

Валентин Бондаренко 1960 йилда бир гуруҳ учувчилар орасидан космосга парвоз учун танлаб олинган олти кишилик гуруҳга киритилади.

Ўша пайтда советлар космосга америкаликлардан аввал одам учириш учун ҳаракат қилаётганди. 1961 йил март ойи ўрталарида Бондаренко сўнгги босқичга тайёргарлик асносида махсус камерага киритилади.

Валентин ташқарига чиқмай камерада вазнсизлик ҳолатида 10 кун яшайди. Синовлар муваффақиятли тугайди ва у сўнгги кун танасига ўрнатилган тиббиёт жиҳозлар қолдирган кичик яраларни спиртга ботирилган пахта билан артади.

Сўнг эътиборсизлик билан пахтани чиқинди қути ўрнига овқат иситишда ишлатилган, қизиб турган чўғлампа устига ташлайди. Пахта шу заҳоти ёниб кетади ва Валентин уни қўли билан ўчирмоқчи бўлади. Аммо кислородга тўйинган паст босимли ҳавода олов ўчиш ўрнига баттар кучаяди.

Шу пайтда Валентиннинг жун материалдан тикилган махсус кийими ҳам ёна бошлайди. Шунда у пульт орқали диспетчерга ёнғин ҳақида хабар бериш ўрнига оловни ўзи ўчиришга уринади. Аммо эплай олмайди.

Космонавт ўтирган махсус камерада ёнғин содир бўлганини ташқаридагилар ўша заҳоти сезишади. Аммо камера эшигини очиш учун унинг ичидаги ҳаво босимини ташқаридаги ҳаво босими билан тенглаштириш лозим эди. Бу иш ярим соат вақтни олади.

Ниҳоят эшик очилиб, Бондаренко ташқарига чиқарилганда, танаси 80 фоизга куйган эди. Врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун 8 соат курашишади. Аммо 24 ёшли Валентинни қутқариб қолишнинг иложи бўлмайди.

Кейинчалик маълум бўлишича, Бондаренко биринчи бўлиб фазога учиши лозим бўлган. У ҳалок бўлгандан сўнг фазога Гагарин парвоз қилади.

Теодор Фриман1964 йил 31 октябр.

Фото: alamy.com

1964 йил 31 октябр куни америкалик машҳур учувчи Фриман Теодор Northrop T-38 Talon самолёти билан синов парвозини ўтказади. У Хюстондаги авиабазага қайтаётганида самолётнинг иккита двигатели ёниб кетади.

Фриман дарҳол катапулта қилади ва самолётдан ўзини ерга ташлайди. Бироқ ергача масофа қисқалиги учун парашют охиригача очилмайди. Оқибатда ерга зарб билан урилган Фриман ҳалок бўлади. Ўшанда у 34 ёшда бўлган.

Чарлз Бассет ва Эллиот Си1966 йил 28 феврал.

Фото: alamy.com

Чарлз ва Эллиот астронавтлар рўйхатига киритилган, бироқ ҳали парвоз қилишга улгуришмаган эди. 1966 йил 28 феврал куни улар Т-38 самолёти билан синов парвозини амалга оширишади.

Парвоз пайтида самолётда носозлик кузатилади ва у Сент-Луис штатидаги аэродромда, McDonnell корпорациясига тегишли бинолардан бирига келиб урилади. Оқибатда ҳар иккала астронавт – 35 ёшли Чарлз ва 38 ёшли Эллиот ҳалок бўлади.

Виржил Гриссом, Эдваарт Уайт ва Рожер Чаффи – 1967 йил 27 январ

Фото: alamy.com

1967 йил 21 феврал куни НАСА навбатдаги Аполлон-1 космик кемасини уч нафар астронавт билан фазога учириши белгиланганди.

Астронавтлар Виржил Гриссом, Эдваарт Уайт ва Рожер Чаффи анча аввал космик марказда парвозга тайёргарликни бошлаб юборишади.

27 январ куни ўтказилган машқ пайтида космик кемада ёнғин келиб чиқади. Оқибатда космик кема ичида бўлган астронавтлар ҳалок бўлишади.

Ҳалокатдан сўнг ўтказилган текширувларда ёнғинга космик кемадаги симларда қисқа туташув сабаб бўлгани аниқланади.

Клифтон Уилямс1967 йил 5 октябр

Фото: alamy.com

Клифтон Уилямс ҳалок бўлган астронавтлар сафига қўшилса-да аслида у фазога парвоз қилмаган. У НАСА астронавтлари рўйхатига киритилган, фазога учиш бўйича тайёргарликдан ўтган ва парвоз қилиш учун навбатини кутаётган эди.

1967 йил 5 октябр куни Клифтон Т-38 реактив самолёти билан парвоз қилаётганида муаммо келиб чиқади. Шунда 35 ёшли Клифтон ўзини пастга ташлайди. Бироқ бу унинг ҳаётини сақлаб қололмайди.

Шунингдек, биринчи бўлиб фазога парвоз қилган ва космик эрани бошлаб берган Юрий Гагарин 1968 йил 27 март куни янги МиГ самолётларидан бирини синовдан ўтказиш чоғида ҳалокатга учрайди ва вафот этади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид