Словакия бош вазири Украина «тўлиқ қўллаб-қувватланишини» маълум қилди
Ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар давомида Словакия ва Украина энергетика ва логистика соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди. Бош вазир Фицо украиналик ҳамкасбини Украинани сиёсий қўллаб-қувватлашига ишонтирди.
Словакия ва Украина ҳукуматлари икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди. 11 апрел, пайшанба куни Украина билан чегара яқинидаги Михаловце шаҳрида бўлиб ўтган ҳукуматлараро музокараларда энергетика соҳасида яқинроқ ҳамкорлик ва транспорт тармоғини кенгайтириш бўйича бир қарорга келинди. Бундан ташқари, бир йил ичида томонлар қурол-яроғ соҳасида ҳамкорликни янги асосда йўлга қўйиш ниятида, деди журналистларга Украина ҳукумати раҳбари Денис Шмихал.
Словакия бош вазири Роберт Фицо украиналик ҳамкасбига Братислава Киевнинг Европа Иттифоқига тезда қўшилиш саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Словакиянинг Украинани қўллаб-қувватлаши «спекулятив эмас», гап «тўлиқ қўллаб-қувватлаш» ҳақида кетяпти. Шмихалнинг сўзларига кўра, Европа интеграциясига интилишлар ва президент Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган «тинчлик формуласи» қўллаб-қувватланиши Киев учун «ўта муҳим».
Музокаралар мавзулари - энергетика, сиёсий ёрдам, савдо ва Украинани тиклаш
Ўз навбатида, Шмихал Михаловцедаги икки томонлама ҳукуматлараро маслаҳатлашувларни «ўзаро манфаатли ҳамкорликка эришилганлик белгиси» деб атади. У Telegram’да таъкидлаганидек, музокараларнинг асосий мавзулари энергетика, Словакиянинг Киевни сиёсий қўллаб-қувватлаши, савдо ҳамда Украинани тиклаш, логистика ва миналардан тозалаш бўлган.
«Словакия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тарафдори, Россия тажовузкорлигини қоралайди ва бизнинг Европа интеграцияга интилишларимиз билан бирдам», деди Шмихал ва қўшни давлатга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Словакия ва қўшни Украина ўртасидаги муносабатлар 2023 йил кузида бўлиб ўтган парламент сайловларида Роберт Фицо ва унинг популистик «Курс – Словакия социал-демократияси» (SMER-SD) партияси ғалаба қозонганидан сўнг сезиларли даражада совуқлашди. Сайловларда эришилган натижа россияпараст сиёсатчига яна ҳукуматни бошқариш имконини берди. Сайлов кампанияси чоғида у Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш ниятида эканини маълум қилган. Март ойида Словакия ва Венгрия Украинага снарядлар етказиб беришдан бош тортган эди.
Мавзуга оид
21:05
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
20:11
Россия Курск областига ҳужум учун 50 минг кишилик қўшин тўплади — NYT
19:02
The Guardian: Буюк Британия ҳукумат алмашганидан кейин Украинага ракеталар етказишни тўхтатди
13:30