Жаҳон | 08:00 / 15.04.2024
8134
3 дақиқада ўқилади

NYT: АҚШ Исроилга Эронга ҳужум билан жавоб қайтармасликни маслаҳат берди

АҚШ президенти Жо Байден Яқин Шарқдаги кескинлашувнинг олдини олишга умид қилмоқда ва Исроилни Эронга жавоб ҳужумини уюштирмасликка чақирмоқда, деб ёзади NYT. Аввалроқ Исроил Теҳрон томонидан кенг кўламли ҳужумга учраган эди. 

Фото: Amir Cohen / Reuters

АҚШ президенти Жо Байден Исроилга Яқин Шарқда кенг кўламли уруш ва кескинлашувнинг олдини олиш учун Эронга жавоб қайтармасликни маслаҳат берди. Бу ҳақда Американинг The New York Times (NYT) газетаси 14 апрел, якшанба куни ёзган.

Нашрнинг АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, бир кун аввал Исроилга учирилган деярли барча ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларининг тутиб олиниши мамлакатни Эрон билан қарама-қаршиликда олдинга олиб чиқди ва Исроил душманларига ўзини ҳимоя қила олишини исботлади. Бинобарин, NYT суҳбатдошларининг айтишича, Исроил томони «ўт очиши шарт эмас».

Исроил Эрон ҳужумига жавоб ҳақида ваъда берди ва уни «уруш эълон қилиш» деб атади

Айни пайтда Исроил президенти Ицхак Герцог 14 апрел куни Sky News телеканалига берган интервюсида Эрон ҳужуми «уруш эълон қилиш» эканлигини айтди. У Исроил кейинги ҳаракатлар учун «барча вариантларни кўриб чиқаётганини» қўшимча қилди ва мамлакат ўзини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўришига ишонч билдирди. Аввалроқ Исроил ОАВ давлат Эрон ҳужумига «кучли ва жиддий жавоб» тайёрланаётгани ҳақида ёзган эди. NYT хабар беришича, ҳужум содир бўлган кечада Исроил расмийлари америкалик шериклари билан суҳбат чоғида қизишиб кетган. 

Кейинроқ Американинг CNN телеканали Исроилдаги манбасига таяниб, мамлакат Теҳрон ҳужумига қандай жавоб беришни ҳали ҳал қилмаганини билдирди. 

Эроннинг Исроилга ҳужуми

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳаводан катта ҳужум уюштирди. Исроил мудофаа кучлари маълумотларига кўра, 170 та дрон, 120 дан ортиқ баллистик ракеталар ва 30 дан ортиқ қанотли ракеталар мамлакатга ҳужум қилишга уринган, бироқ Исроил ва унинг иттифоқчилари уларнинг 99 фоизини, аксариятини - мамлакат ташқарисида уриб туширишга муваффақ бўлган. Фақат бир нечта ракета Исроил ҳудудига етиб борди, жанубдаги авиабазага тушиб, «кичик зарар» келтирди», дейилади ЦАҲАЛ хабарида.

Эрондан ташқари, Исроилга ҳужумлар Яман ҳусийчилари, шунингдек, Ироқ ҳудудидан эронпараст гуруҳлар томонидан амалга оширилган. 

10 апрел куни Теҳрон Исроилга Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига уюштирилган ҳужум учун жавоб қайтариш билан таҳдид қилган эди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти нафар аъзоси, жумладан, икки генерал ҳалок бўлди. Шундан сўнг Эроннинг олий етакчиси Оятуллоҳ Али Хоманаий «сионистик режим жазоланишини» айтди. 

Мавзуга оид