Павел Дуров Такер Карлсон билан гаплашди. Интервюдан асосий гаплар
Telegram асосчиси ўзининг тарихи, илова яратилишига нима сабаб бўлгани, бизнес юритиш учун нега айнан Дубайни танлагани, пулга, кўчмас мулкка ва шахсий хавфсизлигига қандай қараши ҳақида гапирган, шунингдек ўн йил олдин Марк Цукерберг билан учрашганини эслаган.
«ВКонтакте» ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров америкалик журналист, Fox News телеканали собиқ бошловчиси Такер Карлсонга интервю берди. Интервю Дуров учун хос бўлмаган видеоформатда эълон қилинган.
Тадбиркорнинг ўзи аввалроқ Карлсон билан суҳбати феврал ойида бўлиб ўтганини айтганди. Ўша вақтда америкалик консерватор журналистнинг Россия президенти Владимир Путин билан интервюси ҳам чиққанди.
Дуровнинг хабар қилишича, Карлсон билан мулоқот қилган кунида у «либерал қарашларга эга журналист»га ҳам уч соатлик интервю берган. У журналистнинг номини келтирмаган. Март ойида Дуровнинг Британиядаги Financial Times газетасига берган интервюси эълон қилинганди.
Дуров нималар дегани ҳақида қисқача
- 2013 йилда Евромайдон воқеалари вақтида Россия ҳукумати «ВКонтакте»дан намойишлар иштирокчиларининг шахсий маълумотларини сўраган. Рад жавоби берганидан кейин Дуров компанияни тарк этишига ва мамлакатдан кетишига тўғри келган.
- Telegram’ни яратиш ғояси Дуровда ҳали Россияда эканида, давлатнинг босими ва тинтувлар фонида пайдо бўлган.
- Telegram Россия ҳукумати таъсири остида экани ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайди, бундай гаплар мессенжернинг аудиторияси ўсиб бораётганига тоқат қила олмаётган рақобатчилар томонидан тарқатилади.
- Telegram жамоаси Берлин, Лондон ёки Сингапурга кўчиб ўтиш ҳақида ўйлаган, аммо ҳамма жойда бюрократик тўсиқларга учраган.
- Бизнесни АҚШда юритиш режасидан эса Америка махсус хизматларининг синчковлик билан кузатиши туфайли воз кечишга тўғри келган.
- Турли мамлакатлардаги махсус хизматларнинг эътиборидан келиб чиқиб, Дуров ўзи фойдаланадиган барча қурилмалар хавфсизлик нуқтайи назаридан обрўсизланган деб ҳисоблайди.
- Telegram’га энг кўп босим ҳукуматлар томонидан эмас, балки Apple ва Google корпорациялари томонидан кўрсатилади.
- Telegram аудиторияси сони 900 миллионга етган.
- Дуров Twitter Илон Маск томонидан сотиб олинганини олқишлаган, унинг фикрича, шундан кейин ижтимоий тармоқ «янада сўз эркинлиги тарафдорига айланмоқда» ва инновациялар жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса бутун ижтимоий тармоқлар саноатига яхши таъсир кўрсатмоқда.
Батафсил
Интервю аввалида Такер Карлсон Павел Дуровдан ўзининг қаердан эканини сўзлаб беришини сўраган. Тадбиркор бунга жавобан бу «узун тарих» эканини айтган. Дуров СССРда туғилгани, у тўрт ёшлигида оила Италияга кўчиб ўтгани ва у шу ерда мактабга чиққани, «натижада ўзига хос европаликка айлангани» ҳақида гапирган. СССР парчалангач оила Россияга қайтади, бу ерда Дуров олий таълим олади ва «ВКонтакте» ижтимоий тармоғига асос солади.
Дуровнинг сўзларига кўра, «ВКонтакте» илк бор 2011-2012 йилларда, мухолифатчилар ижтимоий тармоқдан намойишларни уюштиришда фойдалана бошлаганида Россия ҳукумати босимига дуч келган. Ўшанда Россия ҳукумати «ВКонтакте»дан намойишчиларнинг гуруҳларини блоклашни талаб қилади, аммо ижтимоий тармоқ бундан бош тортади. Дуровнинг изоҳлашича, ўшанда компания қайсидир томонда бўлмаган, аммо унинг рад жавоби сўз эркинлигини ҳимоялашга қаратилганди. «Ҳукуматга бу умуман ёқмаганди», — дея қўшимча қилган у.
Кўп ўтмай Украинада ҳам намойишлар бошланади, Россия расмийлари эса ундан иштирокчилар ва ташкилотчиларнинг шахсий маълумотларини тақдим этишни талаб қилишади. «Бизнинг жавобимиз шундай бўлганди: „Тўхтанг, бу ахир бошқа мамлакат. Биз сиз сўраганингиз учунгина украиналик фойдаланувчиларимизга хиёнат қила олмаймиз“», — деган Дуров.
Дуровнинг сўзларига кўра, Россия ҳукумати кейинроқ унинг қаршисига икки танлов қўйган: барча талабларни бажаришни бошлаш ёки компаниядан кетиш, ўз улушини сотиш ва мамлакатни тарк этиш. «Мен кейингисини танладим. Бу бироз оғриқли эди, чунки бу менинг илк компаниям бўлган, унга кўп куч ва вақт сарфлаганман, аммо мен учну эркин бўлиш муҳимроқ эди», — деган у.
Дуров Telegram’ни яратиш ғояси уйидаги тинтувлардан кейин пайдо бўлганини айтади. У «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги мухолифат гуруҳларини ўчириш талабини рад этишидан кейин Россия кучишлатар идоралари томонидан ўтказилган тинтув вақтида у хавфсиз алоқа воситасига эга эмаслигини англаб етган ва мулоқот қилиш шифрлаш билан ҳимояланган илова яратиш яхши ғоя бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаган. Бундай илова учун кодни Дуровнинг акаси Николай ёзган, унинг ўзи эса функциялар ва дизайн билан шуғулланган.
Суҳбатда Такер Карлсон «айрим одамлар» Telegram ни «Россия ҳукуматининг бир қисми» деб билишини қистирган. Дуровнинг сўзларига кўра, мессенжернинг ҳукумат билан алоқалари ҳақидаги миш-мишлар Telegram аудиторияси ўсаётганига тоқат қила олмаётган рақобатчилар томонидан тарқатилади ва қўллаб-қувватланади. У мессенжерда ҳар куни 2,5 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтаётгани, уларнинг жами сони эса 900 миллионга етганини, шу билан бирга компания маркетинг учун «бир доллар» ҳам сарфламаганини қўшимча қилган.
Ҳозирда Telegram жамоаси жойлашган Дубайга келгунича Дуров бошқа бир қанча локацияларни, жумладан Берлин, Лондон ва Сингапур шаҳарларини вариант сифатида кўриб чиққан, аммо ҳаммаёқда бюрократик мураккабликлар билан тўқнашган. Хусусан, Германияда Евроиттифоқ ҳудудидан ташқарида ишловчи топ даражадаги дастурчиларни ёллаш муаммо бўлган, деб шикоят қилади тадбиркор.
Дуров шунингдек АҚШга кўчиб ўтиш ҳақида ҳам ўйлаган, аммо у ердаги махсус хизматларнинг «ҳаддан ташқари» юқори эътибори унга ёқмаган. Telegram асосчисининг сўзларига кўра, Штатларга сўнгги ташрифи вақтида унинг муҳандисини иловага бэкдорлар [яширинча киришни таъминлайдиган дастур] киритиш учун ёллашга уриниб кўради. Бундан ташқари, унинг ўзи ҳам кузатувлардан безор бўлган, АҚШга ҳар бир ташрифи вақтида уни аэропортда ФҚБ агентлари қарши олишган. Шунингдек, танловга Сан-Францискога сафари вақтида ҳаётида илк бор талончиликка учрагани ҳам таъсир кўрсатган. Ўшанда Twitter офисига ташрифидан кейин кўчада унга ҳужум қилганлар телефонини олиб қўймоқчи бўлади. Иш муштлашувгача боради, у гаджетни сақлаб қолишни уддалайди, аммо бу ҳолат уни карахт ҳолатга солади.
Дуров ўзи етти йилдан буён яшаб келаётган Дубайнинг устунликлари сифатида бизнес юритиш қулайлиги, бутун дунё бўйлаб одамларни ёллаш имконияти, паст солиқлар ва ривожланган инфратузилма эканини келтирган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Дубайда унга маҳаллий расмийлар томонидан ҳеч қачон босим бўлмаган. «Бу барча билан дўст бўлиб яшашни истайдиган бетараф мамлакат. У геосиёсий жиҳатдан ҳеч бир суперқудратли давлат билан боғланмаган. Ўйлайманки, бу бизники каби нейтрал платформа учун энг яхши жой», — дея қайд этган у.
Дуров АҚШ, Россия ва Хитой каби «йирик геосиёсий ўйинчилар» ҳисобланган мамлакатларга босмасликка ҳаракат қилишини қўшимча қилган. Унинг сўзларига кўра, бундай мамлакатлар ҳукуматларининг Telegram’га эътибори кучаймоқда, платформа эса сиёсий жиҳатдан бетараф бўлиб қолишни истайди, деган Дуров. У қайсидир тарафда туриш заруратини бугунги куннинг энг катта муаммоси деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, Дуров Telegram’га энг катта босим давлатлар томонидан эмас, балки Google ва Apple корпорациялари томонидан эканини айтади. «Гап сўз эркинлиги ҳақида кетганда, аслида бу икки компания сиз ўз телефонингизда ўқишингиз ёки киришингиз мумкин бўлган барча нарсани цензура қилиши мумкин», — деган Дуров.
Унинг сўзларига кўра, Google ва Apple агар Telegram уларнинг «тавсиялари»га риоя этмаса, мессенжер иловалар дўконларидан олиб ташланиши ҳақида «аниқ қилиб айтишган». Бундай ҳолатда «дунё аҳолисининг катта қисми ҳар куни фойдаланадиган қимматбаҳо қурилмасидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлади», дейди Дуров. У шунингдек, корпорациялар ўз қоидаларига амал қилиниши масаласида жуда камдан кам ҳолларда муроса қилиши, шу туфайли Telegram айрим контентларни ўчиришига тўғри келишини таъкидлаган.
Интервю вақтида Карлсон Twitter (ҳозирги Х) Илон Маск томонидан сотиб олинишига тўхталган. Дуров Tesla ва SpaceX асосчиси ижтимоий тармоқ ривожланиши учун қилаётган ишларни қўллаб-қувватлашини билдирган. «Биз буни қатор сабабларга кўра ажойиб ютуқ деб биламиз. Биринчи сабаб — бу шунчаки инновация. Сиз X кўп нарсаларни синаб кўраётганига гувоҳсиз. Улардан айримлари хато бўлиб чиқади. Айримлари эса иш беради, аммо нима бўлганда ҳам улар инновациялар киритишга уринмоқда», — деган Дуров бундай ёндашув бутун саноатга ижобий таъсир кўрсатишини қўшимча қилган ҳолда.
У Meta асосчиси Марк Цукерберг билан ўн йилдан ортиқ вақт олдин учрашганини эслаган. Унинг сўзларига кўра, Цукерберг ўшанда ундан халқаро экспансия бўйича режалари бор ёки йўқлигига қизиққан, Дуров эса ундан Facebook Россиядаги улушини ошириши эҳтимоли ҳақида сўраган. Уларнинг иккиси ҳам бир-бирининг саволларига рад маъносида жавоб қайтарган.
Дуров шунингдек лойиҳага венчур инвесторларни жалб этмаслиги, чунки мустақилликни сақлаб қолишни исташи, унинг учун бизнес ва шахсий ҳаётдаги асосий устуворлик — эркинлик эканини айтган.
«Мен учун [Telegram] ҳеч қачон пул топиш воситаси бўлмаган. (...) Менда кўчмас мулк ҳам, самолётлар ҳам, яхталар ҳам бўлмаган. Бу менинг ҳаёт тарзим эмас. (...) Сиз уларни сотиб олишни бошлаганингизда улар сизни ўзига жисмонан боғлаб олади. (...) Иккинчи сабаби — мен асосий эътиборим Telegram’га қаратилишини истайман, аммо биламанки, агар уй, самолёт ёки шунга ўхшаш нимадир сотиб олсам, уларни чиройли қилишга уриниб, вақтимни сарфлашимга тўғри келади, — дея қайд этган Дуров.