Тбилисидаги намойишларда кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилди
Гуржистон пойтахтида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойиши иштирокчилари полицияга шиша ва тошлар улоқтирди, деб хабар беради ИИВ. Намойишда 11 киши қўлга олинган.
Гуржистон пойтахти Тбилисида 16 апрел, сешанба куни Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшаш бўлган «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонунга қарши оммавий норозилик намойишлари давом этди. DW мухбири хабар беришича, шу куни Руставели шоҳкўчасида 15 мингга яқин одам тўпланган. Баъзилар ўзлари билан Европа Иттифоқи байроқларини олиб келган.
Хавфсизлик кучлари акцияни тарқатишга уринди, махсус кучлар эса намойишчиларни парламент биносидан узоқлаштирди. Гуржистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 16 апрел оқшомига қадар намойишда 11 киши қўлга олинган. Йиғилганлар жамоат тартибини бузган ва полицияга турли буюмлар, жумладан, шиша ва тошлар улоқтирган, дея таъкидлайди вазирлик матбуот хизмати.
Намойишчиларнинг «ноқонуний хатти-ҳаракатлари» натижасида бир полициячи яраланиб, шифохонага етказилган», дейилади матбуот хабарида. Полиция машинаси ҳам шикастланган. «Ички ишлар вазирлиги жисмоний қарама-қаршиликка йўл қўймаслик учун махсус восита - қалампир гази деб аталувчи моддадан фойдаланган», - дея таъкидлайди департамент.
Гуржистонда «Чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун
Гуржистонда мунозарали «Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида»ги қонун Россиянинг «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунига ўхшашдир. Апрел ойи бошида ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси бир йил аввал Тбилисида ўн минглаб одамлар иштирокидаги оммавий норозилик намойишларидан сўнг қайтариб олинган қонун лойиҳасининг ўзгартирилган вариантини яна овозга қўйиш ниятида эканлигини маълум қилган эди.
Ҳужжатга кўра, маблағнинг камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотлар тегишли органларда рўйхатдан ўтиши шарт. Агар қонуннинг дастлабки таҳририда бундай ташкилотлар «чет эл агентлари» деб таснифланган бўлса, ҳозирги лойиҳада гап «чет эл давлати манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар» ҳақида кетмоқда.
DW мухбирига кўра, норозиликларга сабаб бўлган қонун бўйича овоз бериш гўёки кеч тугаган дебатлар туфайли 17 апрелга қолдирилди.
Мавзуга оид
10:30 / 01.11.2024
Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди
13:40 / 21.10.2024
Тбилисида Европа тарафдорлари митингида ўн минглаб кишилар қатнашди
17:22 / 09.08.2024
Британия: Тартибсизликка айланган намойишлар сабаби нима?
14:03 / 08.08.2024