Ўзбекистон | 08:30 / 19.04.2024
3317
2 дақиқада ўқилади

Наманганда юридик таълим тизими бўйича эксперимент жорий этилади

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Мактаб – лицей – техникум – университет” юридик таълим узлуксиз тизими эксперимент тариқасида Наманган вилоятида жорий этилади.

“Таълим муассасаларида юридик таълимнинг узлуксиз тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Адлия вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Наманган вилояти ҳокимлигининг:

2024-2025 ўқув йилидан бошлаб “Мактаб – лицей – техникум – университет” юридик таълим узлуксиз тизимини эксперимент тариқасида Наманган вилоятида жорий этиш;
2024-2025 ўқув йилидан Наманган вилояти, Наманган шаҳри, “Соҳибкор” МФЙ, М.Эгамбердиев кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган 1-сонли ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернатида вариатив ўқув режаси асосида ҳуқуқ фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфларни ташкил қилиш;
2024 йилда Адлия вазирлигининг Наманган вилоят юридик техникуми тугатилиб, унинг негизида Тошкент давлат юридик университети қошидаги Наманган вилоят академик лицейини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги:

а) Наманган вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда белгиланган тартибда тасдиқланадиган лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан мактаб-интернатни капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш чораларини кўради;
б) Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети билан биргаликда:
ҳуқуқ синфлари учун ўқув-методик базасини шакллантиради;
умумий ўрта таълим муассасаларининг 8–11-синфлари учун ҳуқуқ фанидан янгидан яратилаётган ўқув адабиётларини нашр этишдан олдин уларга Тошкент давлат юридик университетидан хулоса олиш амалиётини йўлга қўяди;
умумий ўрта таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берадиган олий юридик маълумотга эга бўлмаган педагог ходимлар малакасини босқичма-босқич ошириш бўйича зарур чораларни кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид