АҚШда Трамп иши бўйича суд учун ҳакамлар ҳайъати танланди
Доналд Трамп 2016 йилги сайлов кампанияси учун йиғилган маблағларни ноқонуний сарфлашда айбланмоқда. АҚШ тарихида биринчи марта собиқ президент жиноий судда айбланмоқда.
Қўшма Штатларда мамлакатда биринчи марта собиқ президент устидан жиноий айбловлар бўйича суд жараёни учун тўлиқ ҳакамлар ҳайъати танланди. 19 апрел, жума куни судя Хуан Мерчаннинг айтишича, 12 нафар ҳакамлар ҳайъати аъзосидан ташқари олти нафар муқобил вакил сайланган.
Оқ уй собиқ раҳбари Доналд Трамп айбланувчи бўлиб қолаётган тўртта жиноий суд жараёнининг биринчиси унинг актриса Сторми Даниэлсга 130 минг доллар тўлаганини яширгани билан боғлиқ. Бир йил аввал Манхеттен прокурорлари Трампни тўлов фактини яшириш учун ҳужжатларни қалбакилаштиришда айблаган эди.
Сайлов фондларидан тушган пуллар - актрисага
Даниэлснинг таъкидлашича, у бизнесмен билан 2006 йилда хайрия голф турнирида танишган ва Трампнинг рафиқаси Мелания биринчи марта фарзанд кўрганида у билан яширин яқин муносабатда бўлган. Актриса Доналд Трампнинг 2016 йилги сайловолди кампаниясида уни фош этиш билан таҳдид қилган. Айбловга кўра, сайлов фондидан 130 минг доллар унинг сукут сақлагани учун тўланган.
Трамп ўз айбини тан олмади ва Даниэлс билан алоқада бўлганини рад этди. Агар собиқ президент айбдор деб топилса, у қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Суд жараёни олти ҳафтадан саккиз ҳафтагача давом этиши кутилмоқда. Шундай қилиб, ҳукм 2024 йилнинг ноябрига белгиланган президентлик сайловларидан анча олдин эълон қилинади.
Суд биноси ташқарисида ўзини ёқиб юборишга уриниш
Айни пайтда, номаълум шахс Ню-Йоркдаги тарихий жиноий суд жараёни бўлиб ўтаётган суд биноси олдида ўзини ёқиб юборди. Полиция матбуотга буни тасдиқлади, қўшимча маълумот бермади. Ҳодиса собиқ президент тарафдорлари ҳам, унга қарши чиққанлар ҳам тўпланган боғда содир бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари оловни ўчириш учун унинг олдига югурган. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, унинг аҳволи номаълум.
Собиқ президентни яна учта суд жараёни кутмоқда
Бундан ташқари, Трамп яна учта ишда айбланган. Улар орасида 2020 йилда Жоржияда президентлик сайловларига таъсир ўтказишга уриниши, ўша сайловларда гўёки сохталаштиришлар бўлгани ҳақида сайловчиларга ёлғон маълумот бериши ва Оқ уйни тарк этганидан кейин Флоридадаги Мара-Лаго қароргоҳида ҳукумат махфий ҳужжатларини ноқонуний сақлаши бор.
Бу ишлар бўйича судлар ноябрдаги сайловлардан олдин бошланадими ёки йўқми, ҳозирча номаълум.
Мавзуга оид
19:09 / 19.11.2024
Трамп Москва ва Теҳроннинг иттифоқини парчалай оладими?
13:12 / 19.11.2024
Трамп собиқ конгрессмен Даффини транспорт вазири лавозимига таклиф қилди
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
15:30 / 18.11.2024