Жаҳон | 10:45 / 20.04.2024
6430
3 дақиқада ўқилади

Донецкда америкалик «ҳарбий мухбир» Рассел Бентли ҳалок бўлди

Рассел Бентли Донбассда россияпараст айирмачилар томонида жанг қилган. У билан алоқа узилганидан сўнг, унинг рафиқаси «уни 5-бригада танкчилари ноқонуний равишда ушлаб туришганини» айтди.

Фото: AP

Россиянинг Sputnik медиа-лойиҳасининг «ҳарбий мухбири», Россия фуқаролигини олган, Техас чақирув белгисига эга америкалик Рассел Бентли Донецкда ҳалок бўлди. Бу ҳақда 19 апрел, жума куни RT Россия давлат телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян Telegram’да маълум қилди.

У Донбассда америкаликнинг ўлими ҳолати билан боғлиқ тафсилотларни ошкор қилмади. «РБК» онлайн-нашри хабар беришича, Рассел Бентлининг рафиқаси Людмила 8 апрел куни унинг ғойиб бўлгани ҳақида хабар берган ва Россия Федерацияси тергов органларига эрини тезда топишга ёрдам беришни сўраб видеомурожаат ёзган. Нашрга кўра, Бентли Донецкдаги отишма содир бўлган жойга ярадорларга ёрдам керакми ёки йўқми, шуни билиш учун борган, кейин эса алоқага чиқишни тўхтатган. 

Ўз навбатида, «Донецкое агентство новостей» деб номланган портал «ДХР» «Жамоат палатаси раиси» Александр Кофманга таяниб, Людмила Бентли «ҳалок бўлганлардан бирининг ДНК таҳлили ҳақида маълумот олиб, унинг Расселга тегишли бўлиши мумкинлигини тасдиқлагани» ҳақида ёзди.

Расселнинг «камуфляждаги одамлар» томонидан қўлга олиниши ҳақида маълумот 

15 апрел куни Людмила Бентли «В контакте» ижтимоий тармоғидаги Russell Bentley саҳифасида унинг эри «5-бригада ҳарбий хизматчилари, танкчилари томонидан ноқонуний равишда олиб кетилгани ва ушлаб турилгани» ҳақида «аниқ маълумотга эга» эканлигини айтди. «Рассел 2024 йил 8 апрелда, тахминан соат 16:20 дан 17:00 гача Донецкнинг Петровский туманидаги Автобаза ҳудудида қўлга олинган», — дея таъкидлади у. 

Ўша куни, 15 апрелда Astra Telegram-канали Расселни «америкалик кўнгилли ва журналист» деб атаган донецклик режиссёр Александр Коробкога таяниб, уни «камуфляж ва ҳарбий кийимдаги одамлар олиб кетишган» деб ёзди. «Улар уни «жосус» деб ўйлаб, ҳарбий терговчилар олдига олиб кетган бўлиши мумкин», — дея суҳбатдошининг фикрини келтирган канал.

«Донецкое агентство новостей» порталига кўра, Рассел Бентли АҚШ Қуролли кучларида уч йил хизмат қилган, Луизиана ва Германияда бўлган, 2014 йил декабрида эса Донбассга боришга қарор қилган. Донецкда Бентли маҳаллий қизга уйланиб, Россия фуқаролигини олган.

Мавзуга оид