Ўзбекистон | 13:52 / 20.04.2024
3888
1 дақиқада ўқилади

Исроил ва Никарагуага ишга юборишни ваъда қилган шахслар ушланди

Самарқанд туманида 18 минг доллар эвазига Исроилга, Шаҳрисабз шаҳрида 35 минг доллар эвазига Туркия орқали Никарагуа давлатига ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди.

Фото: Прокуратура департаменти

Икки ҳудудда хорижий давлатга ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаролар У.Р., З.М. ва А.С. фуқаро Ҳ.Ш.ни 18 минг АҚШ доллари эвазига Исроил давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, келишилган пулдан 2 000 долларини олган вақтда ушланган.

Департаментнинг Шаҳрисабз шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро А.К. 4 нафар фуқарони Туркия орқали Никарагуа давлатига ишга юборишни ваъда қилиб, жами 35 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид