Трамп судланаётган бино яқинида эркак ўз жонига қасд қилди
Эркак аввал ҳам полиция томонидан бир неча бор ҳибсга олинган, унинг ишсиз ва ўз жонига қасд қилишга мойил экани қайд этилган.
Собиқ президент Доналд Трамп судланаётган Ню-Йорк суди биноси қаршисидаги боғда ўз жонига қасд қилишга уринган Макс Аззарелло оғир куйиш жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этди. Бу ҳақда CNN ёзди.
Ҳодиса 19 апрел куни Трамп тарафдорлари ва мухолифларининг намойишлари учун махсус ажратилган ҳудудда содир бўлган. Ўз жонига қасд қилишга уринишдан олдин Аззарелло ҳавога бир даста брошюраларни улоқтирган, улар орасида ўз манифестига ҳавола ҳам бор эди.
Аззарелло матнларида криптовалюталар, Ҳолливуд актёрлари, коронавирус пандемияси, собиқ президент Билл Клинтон, «Симпсонлар», 2023 йилдаги банклар инқирози, шунингдек, Марк Цукерберг ва Илон Маск ҳақидаги фитна назариялари тилга олингани таъкидланмоқда.
Эркак Флорида штатида бир неча бор ҳибсга олинган, полиция унинг ишсиз ва ўз жонига қасд қилишга мойил эканини қайд қилган.
Трамп 2016 йилги сайлов кампаниясига таъсир кўрсатмаслиги учун ўзи муносабатда бўлган порно актрисага пора берганликда айбланмоқда. Собиқ президент 34 та банд бўйича айбланган бўлиб, уларнинг ҳар бири тўрт йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Агар ҳакамлар ҳайъати Трампни барча моддалар бўйича айбдор деб топса, у 136 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.