Жаҳон | 09:57 / 22.04.2024
4241
3 дақиқада ўқилади

АҚШ апрел охиригача Киевга ATACMS ракеталарини топширишга тайёр

Украина апрел ойида АҚШдан янги қуроллар партиясини олиши мумкин, дея маълум қилди АҚШ Конгресси. Ёрдам пакетига 300 км масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир ATACMS ракеталари киради.

Фото: U.S. Army/Avalon/Photoshot/picture alliance

Украина Қўшма Штатлардан «ҳафта охиригача» қуролларнинг янги партиясини олиши мумкин. Бу ҳақда 21 апрел, якшанба куни CBS телеканали орқали АҚШ Сенатининг разведка қўмитаси раҳбари Марк Уорнер маълум қилди. Ёрдам пакетида, жумладан, 300 километргача бўлган масофадаги нишонларни уриб туширишга қодир узоқ масофали ATACMS ракеталари ҳам бор. Қуроллар «АҚШ президенти Жо Байден қонун лойиҳасини имзолаши биланоқ жўнатилади», дея қўшимча қилди Уорнер. 

ATACMS фронтда кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин 

Американинг Atlantic Council таҳлилий маркази тадқиқотчиси Питер Диккинсон таъкидлашича, ATACMS ракеталари «Украинага Россия томонидан эгаллаб олинган мамлакат барча ҳудудларидаги нишонларни уриш имконини беради». Бошқа таҳлилчиларнинг фикрига кўра, ATACMS айниқса аэродромлардаги самолётлар, ҳаво мудофаа тизимлари, нефтни қайта ишлаш заводлари ва логистика марказлари каби нишонларга қарши самарали. 

Таҳлилчилар фикрича, Киевнинг узоқ масофали ракеталар янги партиясини олиши Россия қўмондонлигини базалар ва қўмондонлик пунктларини фронт чизиғидан узоқлаштиришга мажбур қилиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, эгаллаб олинган ҳудудлар мудофаасини заифлаштиради. 

ISW: Россия АҚШ ёрдами келгунига қадар ҳужумларни кучайтиради 

Америка урушини ўрганиш институти (ISW) 20 апрелда эълон қилган ҳисоботга кўра, Украина учун тасдиқланган ёрдам пакети «яқин ҳафталарда фронтдаги вазиятга таъсир қилмаслиги» мумкин. Айни пайтда, Россия «чекланган имкониятлар ойнасидан фойдаланиши» ва ҳужумларни кучайтириши ҳамда Украина қўшинлари «муваффақиятсизликка эришиши» мумкин. Ҳарбий ёрдам пакети «тезда етиб келса, Россия ҳужумини тўхтатиш мумкин», дейилади хабарда. 

АҚШ Конгресси қуйи палатасида Украинага янги ёрдам маъқулланди

20 апрел куни республикачилар ҳукмронлик қиладиган АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси бир неча ойлик қарама-қаршиликлардан сўнг Украинага қарийб 61 миллиард доллар миқдоридаги кенг кўламли ёрдам пакетини маъқуллади. Қонун лойиҳасини ёқлаб 311 конгрессмен овоз берди, 112 киши қарши чиқди. 
 
Қуйи палата маъқуллаганидан кейин қонун лойиҳаси Сенат томонидан тасдиқланиши керак. Овоз бериш 23 апрелга белгиланган. Конгресснинг демократлар кўпчиликни ташкил этувчи юқори палатаси Украинага қарийб 61 миллиард долларлик ёрдам пакетини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. АҚШ президенти Жо Байден бу ҳужжатни дарҳол имзолашини аллақачон айтган. 

Мавзуга оид