Жаҳон | 16:30 / 24.04.2024
6454
8 дақиқада ўқилади

ҲАМАС асирларни беришга кўнмаяпти, Исроил Рафаҳда операция бошлаш арафасида

19 апрел куни ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаня Туркияга бориб, Эрдўған қабулида бўлди. Аввалроқ бюро Қатардан бошқа жойга, эҳтимол Уммонга кўчиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Айни пайтда Исроил Рафаҳ операциясини бошлаш арафасида. Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларни Kun.uz студиясида эксперт Шавкат Икромов шарҳлаб берди.

— Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва ҲАМАСнинг сиёсий қаноти раҳбари Исмоил Ҳаня музокаралари нимага қаратилганди?

— Бу уларнинг биринчи учрашув эмас, 7 октябрдан кейин Исмоил Ҳаня учинчи марта Эрдўған билан учрашяпти. Мазкур учрашув Ғазодаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатувчи баёнотлар билан кечгани йўқ. Яъни муҳим қарорлар қабул қилингани йўқ, баёнот ҳам берилмади, лекин музокаралар узоқ давом этди. Туркия ташқи ишлар вазири билан 3 соатлик ва Эрдўған билан учрашувлардан кейин айрим тезислар эълон қилинган. Уларга кўра, Эрдўған Фаластин халқини бирдамликка, мустақиллиги учун курашишга чақирган. Умуман, бундай чақириқ Эрдўған партияси ҳокимиятда эканидан буён мавжуд.

Аниқ баёнотлар йўқ, лекин бир қанча масалалар кўриб чиқилганини тахмин қилиш мумкин. Хусусан, ҲАМАСнинг Қатардаги офисини кўчириш масаласи, гуруҳларни кўчириш масаласи, Фаластин давлати ташкил топиши, ўт очишни тўхтатиш, кескинликни юмшатиш, ҲАМАСни музокараларга ундаш каби масалалар кўрилган бўлиши мумкин эҳтимол. Лекин натижасиз тугаган бўлса керак, чунки махсус баёнотлар бўлмади.

Туркиянинг Ғазодаги жараёнларга ўзгарувчан муносабати ҳақида гапирмоқчиман. Туркия жуда нозик ўйин олиб боряпти. Туркия ташқи ишлар вазири Мавританияга боргандаги баёнотида Туркиянинг Ғазо бўйича “ўта нозик сиёсати” деган жумла ишлатилган. Бу нозиклик Россия-Украина уруши контекстида ҳам ишлатилганди. Анқара Украина суверенитетини эътироф этиб, Россия билан ҳамкорликни давом эттирган. Ғазода ҳам шундай ҳолат. Туркия Нетаняҳу ҳукуматига нисбатан кескин баёнотлар беради, лекин иқтисодий алоқалар пастлагани йўқ.

Туркия – Исроилни тан олган биринчи мусулмон давлати, 1949 йилдаёқ тан олган. Совуқ урушдан кейин 2006 йилгача Туркия ва Исроил яқин иттифоқчилар эди. 2006 йилда Ғазода ҲАМАС ҳокимиятга келди, Туркияда ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партиясида эса мусулмон дунёсига эътибор бериш, етакчилик қилиш позицияси бор эди. Шу нуқтаи назардан ҲАМАСни қўллашини билдирди ва Исроил билан зиддиятлар вужудга келди. 2006-2013 йиллар оралиғида зиддиятлар бироз ҳарбий тус олган, жиддий воқелар бўлган. Лекин бу орада ва кейинроқ ҳам ҳар икки давлат бир-бири учун ташқи савдодаги энг асосий ўнта ҳамкордан бири бўлиб келган. Исроилдан Туркияга юқори технологиялар, Туркиядан Исроилга эса тўқимачилик маҳсулотлари, ҳарбий ҳаракатларда керак бўлиши мумкин бўлган пўлат кириб борган.

2023 йилда Туркия ҳукумати давлат томонидан бериладиган ёрдамлар Исроил билан ҳамкорлик қилаётган бизнесменларга тааллуқли бўлмаслиги ҳақида қарор чиқарган бўлса-да, бу амалда ўзаро савдога таъсир қилмаган, бизнеслар ривожланишда давом этган. Демоқчиманки, ҲАМАС ва Туркия қандай муносабатда бўлса ҳам, Туркия ва Исроил ўртасида қалин иқтисодий муносабатлар сақланиб қолган. Кескин баёнотлар риторикадан бошқа нарса эмас ҳозирча, фактлар шуни кўрсатади.

— Фаластин Озодлик ташкилотини қайта ташкил этиш жараёнида қандай қийинчиликлар кузатилмоқда?

— Фаластиндаги бошқарув ўта мураккаб, марказлашган бошқарув йўқ дейиш мумкин. Фаластин расмий маъмурияти бор, лекин улар ҳам ягона марказий ҳукумат сифатида тан олинмайди. Фаластин Озодлик ташкилоти бор, БМТда кузатувчи мақомига эга, халқаро ҳамжамият Фаластин халқининг қонуний вакили сифатида тан олган, лекин бу ташкилотнинг ичкаридаги реал ҳокимияти чекланган. Умумий бошқарувга қарасак, Фаластин ҳудуди бўйлаб айрим жойларда ҲАМАС, айримларида Фаластин маъмурияти, айримлари Исроил бошқаруви бор.

Исмоил Ҳаня Фаластинда тан олинган инклюзив ҳукумат тузилса, ҲАМАС ташкилот сифатида тугатилиши ҳақида ҳам гапирган. Эрдўған ҳам шундай гапни айтди, яъни ҳозиргидек тарқоқ эмас, ягона Фаластин давлати маъмурияти ташкил топиши керак. Умуман, Фаластиннинг асосий муаммоларидан бири ҳам бирлик йўқлиги, бошқарув кучлари кўп ва мақсадларида ҳам кескин фарқлар бор.

— Исмоил Ҳаня Россияни ҳам кафил сифатида кўриши айтилган. Бунга қандай қараш керак?

— ҲАМАС ташкил топгандан бери Москвада қабул қилинган, мулоқотда бўлган. Шунинг учун ҳамкор давлатлар қаторида Россия айтилган, кучлар балансини вужудга келтириш учун ҳам бу. Лекин вазиятга катта таъсир кўрсатадиган омил эмас.

— ҲАМАСнинг сиёсий корпуси Қатардан бошқа давлатга кўчиши мумкинми? Шундай бўлса, нега ва қайси давлатга?

— Араб нашрлари бу ҳақида ёзди, бор гап бу. Сабаб шуки, ҲАМАС ва Исроил музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. Қатар воситачилик ҳаракати муваффақиятсизликка учраяпти, ҲАМАСни кўндиролмаяпти. Ўз уйида турган ташкилот шартларига кўнмаётгани Қатарга ёқмаслиги табиий. АҚШ ва Қатар муносабатлари омили ҳам бор, улар яқин алоқаларга эга – АҚШнинг ҳам босими бор музокаралар борасида. Мисрнинг ҳам таклифлари қабул қилинмаяпти, шу маънода ҳам Қатар ҲАМАСдан ҳафсаласи пир бўлган. Буни ҲАМАС билиб турибди, шунинг учун Қатар таклифларига бемалол йўқ дея олиш учун Қатардан чиқиб кетмоқчи.

Манбаларга кўра, Қатар 2 та давлатга таклиф юборган. Бири Уммон султонлиги, иккинчиси айтилмаган. Катта эҳтимол билан Уммон буни қабул қилган. Нега Уммон? Биламизки, Уммон ва Эрон муносабатлари яхши, “Ҳизбуллоҳ” билан ҳам таниш, шу томондан ҳам Уммон варианти эҳтимоли юқори.

Бу вазиятда нафақат ҲАМАС, Исроил ҳам шартларга кўнмаётгани рол ўйнамаяптими?

— Қатар ва бошқа араб давлатлари томонидан ҳам ҲАМАСга Исроил фойдасига ён бериш таклиф этиляпти. Асирларни бермай, оёқ тираб тургани шунча одам ўлимига сабаб бўляпти. Асирдагилар шунча қурбон беришга арзийдими, деган масала ҳам бор. Бирдан асирларни қўйиш эмас, босқичма-босқич ён бериш айтиляпти. ҲАМАС томонидан қадамлар ташланмаса, Исроил қирғинни давом эттираверади. ҲАМАСнинг ғояси, тушунчалари бор, лекин 40 мингга яқин қурбон, аксарияти болалар эканини ҳисобга олсак, ҲАМАС ён бериши керак.

Олдин ҳам айтганимиздек, ҲАМАСда урушни узоқ давом эттириш ва бунинг учун кўпроқ қурбонлар бериш стратегияси бор.

— ЦАҲАЛнинг Рафаҳга кириши борасида ўзгаришлар бўлдими?

— Рафаҳга кириш шу ҳафтадан бошланган ўзи. Нетаняҳу ҳукумати бирор бир тақиқларга эътибор бергани йўқ, ўз режалари, стратегиясини амалга оширишда давом этяпти. Исроил Рафаҳдаги ҳарбий операцияни бошлашга жуда яқин турибди. АҚШ, бошқа ҳамкорлар бундан қайтаришга уриняпти, лекин бундан олдинги ҳаракатларда ҳам шундай бўлганди. Рафаҳда ҳам ҳарбий операциялар бўлади. Маълумотларга кўра, Исроил ўзининг тактик қарорларини ўзгартираётгани ҳақида маълумотлар йўқ. Қурбонлар сони эса ошиб боради.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид