Жаҳон | 11:26 / 25.04.2024
4004
2 дақиқада ўқилади

Канада Airbus’га Россия титанидан фойдаланишга рухсат берди

Канада, етказиб берувчи «ВСМПО-Ависма» компаниясига қарши киритилган санкцияларга қарамай, Airbus’га самолёт ишлаб чиқаришда рус титанидан фойдаланишга рухсат берди.

Фото: Reuters

Канада ҳукумати Оттава томонидан Россия Федерациясининг титан ишлаб чиқарувчи «ВСМПО-Ависма» компаниясига нисбатан жорий этилган санкцияларига қарамай, Airbus компаниясига мамлакатда самолётлар ишлаб чиқариш учун рус титанидан фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда 24 апрел, чоршанба куни Reuters агентлиги хабар қилган

«Airbus Канада ҳукумати «ВСМПО-Ависма»га қарши санкциялар қўллаётганидан хабардор ва амалдаги санкцияларга мувофиқ Airbus операциялари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур рухсатни олган», дея маълум қилди Airbus Canada Reuters сўровига жавобан. 

Агентликнинг таъкидлашича, бу қарор Airbus’га «Канададаги заводларида мослашувчанликни» таъминлайди ва ишлаб чиқаришда асосан титанга таянадиган Airbus самолётларини Канадага олиб киришни амалда тақиқлаш унинг фаолиятига зарар етказиши мумкинлиги ҳақидаги «ташвишларни бартараф қилади». 

Airbus рус титанидан воз кечишга ваъда берди 

Россиянинг «ВСМПО-Ависма» корпорацияси дунёдаги энг йирик титан ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. У 2024 йил феврал ойида Канада санкциялари остида қолди. Ўтган йилнинг кузида Россия ҳарбий саноати учун маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши сабабли корпорацияга қарши АҚШ санкциялари жорий этилган эди.

Airbus 2022 йил декабр ойида Россиядан титан етказиб беришни бир неча ойга тўхтатишга қарор қилгани ҳақида хабар берган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид